Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам берилгани халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилди
Женевада Халқаро меҳнат конференциясининг 114-сессияси ўтказилмоқда. Тадбир доирасида 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни муносабати билан “Болалар меҳнатига қизил карточка: Марокашдан амалий ҳаракатларгача” мавзусида нуфузли халқаро конференция бўлиб ўтди.
Аслида ҳимояга, ғамхўрликка муҳтож бўлган жажжи қўллардан фойдаланиш, яъни болалар меҳнати, минг афсуски, дунё бўйлаб ҳамон учраб турибди. Шу боис, тадбир иштирокчилари инсоният қадам қўйган тараққиётнинг ҳозирги босқичида болалар меҳнатини бутунлай тугатиш заруриятига эътибор қаратди.
Болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этиш ҳамда ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда амалий натижаларга эришиш бўйича фикр алмашилди.

Конференцияда иштирок этаётган 187 давлат вакиллари олдида Ўзбекистон делегацияси мамлакатимизда меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларини тақдим этди.
Ўзбекистонда болалар меҳнатига деярли тўлиқ барҳам берилгани, бу натижа давлат сиёсатининг изчиллиги, кучли ижтимоий ҳимоя тизими ва самарали халқаро ҳамкорликнинг амалий самараси сифатида халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланди.
Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Танзила Норбоева ўз нутқида болалар меҳнатига қарши курашиш фақат ҳуқуқий тақиқлар билан чекланмаслиги, балки унинг илдиз сабабларини бартараф этиш орқали барқарор натижаларга эришиш мумкинлигини алоҳида таъкидлади.

– Қашшоқликни қисқартириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, сифатли таълим ва муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш болалар меҳнатининг олдини олишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – деди Т.Норбоева. – Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси, изчил ва тизимли ислоҳотлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик натижасида Ўзбекистонда болалар меҳнатига амалда тўлиқ барҳам берилди. Мазкур муаммо қайта юзага келишининг олдини олувчи самарали ва барқарор механизмлар шакллантирилди.
Ушбу ютуқларга эришишда ХМТ, иш берувчилар уюшмалари ва касаба уюшмалари билан олиб борилган яқин ҳамкорлик муҳим ўрин тутгани, ХМТнинг тавсия ва стандартлари изчил равишда ҳаётга татбиқ этилгани қайд этилди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг болалар меҳнатига қарши курашиш соҳасидаги муваффақиятли тажрибаси энг самарали моделлардан бири сифатида эътироф этилди.
Иштирокчилар бугунги кунда қуролли можаролар, миграция жараёнлари, иқлим ўзгариши, иқтисодий беқарорлик ва норасмий бандлик каби омиллар дунё миқёсида болалар меҳнати хавфини янада кучайтираётганига эътибор қаратди.
Шу муносабат билан Марокаш глобал ҳаракатлар дастурининг аҳамияти юқори баҳоланиб, болалар меҳнатини бутунлай тугатиш йўлида давлатлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг саъй-ҳаракатларини янада бирлаштириш, амалий чора-тадбирларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА