"Яшил Ўзбекистон учун бирлашамиз!"
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти ташаббуси билан пойтахтда "Яшил Ўзбекистон учун бирлашамиз!" шиори остида кенг кўламли байрам тадбири ташкил этилди.
Бутунжаҳон атроф-муҳит куни ҳамда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказилган тадбирда аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш каби масалаларга урғу қаратилди.


Тадбир давомида Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари Ойбек Раҳимов, Наврўзбек Юсупов, Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси бошлиғи Акмал Расулов ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари сўзга чиқиб, экологик муаммоларга тўхталиб ўтди.

Қайд этилдики, бугунги кунда экологик муаммоларнинг олдини олиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, табиат бойликларини асраш ва экологик тарбия масалалари долзарб аҳамиятга эга. Шу боис, экологик онг ва маданиятни юксалтириш, жамиятнинг барча қатламларини атроф-муҳитни асрашга даъват этиш ҳамда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли экологик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш муҳим.

Байрам доирасида болажонлар иштирокида "Биз табиатни севамиз!" мавзусида расмлар танлови ташкил этилди. Ёш иштирокчилар томонидан табиат манзаралари, яшил маконлар, экологик муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган ижодий ишлар намойиш этилди. Танлов болаларда табиатга меҳр-муҳаббат, экологик масъулият ва ижодий тафаккурни ривожлантиришга хизмат қилди. Шунингдек, турли кўнгилочар дастурлар ташкил этилди.
М.Комилова,
ЎзА