Ўзбекистон ёшлари халқаро стандартлар олимпиадасида олтин медални қўлга киритди
Бугунги глобаллашув ва рақобат муҳитида маҳсулот ва хизматлар сифати, хавфсизлиги ҳамда рақобатбардошлигини таъминлашда халқаро стандартларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бу эса соҳани чуқур биладиган, замонавий билим ва кўникмаларга эга малакали мутахассисларни тайёрлашни тақозо этади. Шу маънода, ёшларни стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш йўналишларига қизиқтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган халқаро мусобақалар муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг 12–14 август кунлари Жанубий Корея Республикасининг Сеул шаҳрида 21-Халқаро стандартлар олимпиадаси бўлиб ўтди. Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан энг иқтидорли ўқувчилар иштирок этган мазкур нуфузли беллашувда билим, зукколик ва инновацион ёндашув билан бир қаторда, иштирокчиларнинг таҳлилий фикрлаши, мантиқий хулоса чиқариши, жамоа билан ишлаши ва белгиланган вақтдан унумли фойдаланиш қобилияти ҳам синовдан ўтказилди.

Халқаро стандартлар олимпиадаси оддий билим мусобақаси эмас. У бир неча босқичдан иборат мураккаб интеллектуал беллашув бўлиб, иштирокчилардан стандартлар билан ишлаш, муайян вазиятларни таҳлил қилиш, муаммони аниқлаш ва унга энг мақбул ечим топишни талаб этади. Шу жиҳатдан олимпиада ёшларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, уларда мустақил фикрлаш ва қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.

Мусобақанинг асосий мақсади ўқувчиларнинг стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларидаги билим ва кўникмаларини ривожлантириш, халқаро тажриба алмашинувини кенгайтиришдан иборат. Айни пайтда, мазкур беллашув келажакда глобал талабларга жавоб берадиган, замонавий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнларида сифат мезонларини таъминлай оладиган малакали кадрларни шакллантириш учун муҳим пойдевор вазифасини бажаради.
Бу йилги олимпиадада Ўзбекистон ёшлари ҳам муносиб иштирок этди. Мамлакатимиз вакиллари Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон стандартлар институти масъуллари билан биргаликда халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Қувонарлиси, Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари мусобақада юқори натижа қайд этиб, олтин медални қўлга киритди. Бу ютуқ ёшларимизнинг билим ва салоҳияти, уларнинг халқаро даражадаги интеллектуал рақобатга тайёр эканини яна бир бор намоён этди.
Бугун халқаро стандартлар нафақат маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, балки экспорт салоҳиятини ошириш, миллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш ва мамлакатнинг рақобатбардошлигини кучайтиришда ҳам муҳим омил ҳисобланади. Шу боис мазкур йўналишда билимли ва ташаббускор ёшларни тайёрлаш стратегик аҳамиятга эга.
Ш.Маматуропова, ЎзА