“Ўзбекистон (Сурхондарё)-Хитой” халқаро форуми иштирокчилари Термизда
Жорий йилнинг 14-16 август кунлари “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида илк марта “Ўзбекистон (Сурхондарё)-Хитой” халқаро форуми бўлиб ўтади. Бугун Термиз халқаро аэропортида халқаро форум иштирокчилари тантанали кутиб олинди.
Манбаларда Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида жойлашган Термиз ўтмишдан йирик савдо, маданий ва цивилизация маркази сифатида танилгани қайд этилган. Стратегик жойлашуви туфайли Буюк Ипак Йўли пайдо бўлишидан олдин ҳам дунёнинг муҳим транспорт нуқтаси бўлган. Қадимги Сурхондарёнинг Хитой билан алоқалари Буюк Ипак йўли орқали милоддан аввалги II асрдан фаоллашган. Бу даврда савдо-сотиқ, буддавийлик ва маданият алмашинуви ривожланган. Хитойдан Сурхондарёга хом ипак ва қимматбаҳо ипак матолари келтирилган. Хитойга шиша буюмлар, зеб-зийнатлар ва қимматбаҳо тошлар юборилган. Археологлар бу ерда икки цивилизация маҳсулотлари ўзаро уйғунлашганини аниқлаган.
Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги юксак ишонч, сиёсий ирода, мамлакатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари, стратегик шериклик муносабатлари янги босқичда бўй кўрсатди. Термизда бўлиб ўтаётган йирик анжуман ҳам Сурхондарёнинг Хитой ҳудудлари ва ишбилармон доиралари билан тўғридан-тўғри алоқаларни янада кенгайтиришда муҳим мулоқот майдони вазифасини ўтайди.
[gallery-30893]
Хитойдан 300 га яқин меҳмон иштирок этаётган форумга қўшни Афғонистон давлатидан ҳам тадбиркорлар таклиф этилган. Бу ҳам анжуманнинг жозибадорлигини оширади.
Форум доирасида иштирокчилар Ҳаким Термизий мажмуаси, Фаёзтепа ва Қоратепа буддизм ёдгорликларида бўлди. Минтақамизда ягона Термиз археология музейи билан танишди. Термиз муҳандислик ва агротехнологиялар университетида вилоятнинг тоғ-кон саноати йўналишидаги мавжуд имкониятлар тақдимоти ўтказилди.
Нуфузли анжуман олдидан Сурхондарё вилоятида Хитой компаниялари билан қиймати 1,2 миллиард долларлик саноат, нефть-газ, энергетика, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, робототехника ва автоматизация, инновацион технологиялар, хизмат кўрсатиш, механик ишлов бериш соҳаларини қамраб олган “Хитой тажрибаси” асосидаги касб-ҳунар мактабини очиш, туризм каби йўналишларда инвестицион лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Форумнинг тантанали очилиш маросими эртага “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида бўлиб ўтади. “Боқий шаҳар” мажмуасида бугун кечки пайт вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов номидан расмий қабул ва маданий тадбир ташкил этилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири