Ўзбекистон ва Туркия савдо ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Анқара шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган Савдо масалалари бўйича ишчи гуруҳнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Туркия Республикаси Савдо вазирлиги вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги масъуллари иштирок этди.
Музокаралар давомида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, савдо жараёнларидаги мавжуд тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш ҳамда маҳсулотларнинг ҳар икки давлат бозорларига киришини соддалаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, электротехника ва енгил саноат каби савдони кенгайтириш имкониятлари юқори бўлган устувор тармоқларда ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва маҳсулотлар мувофиқлигини баҳолаш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Электротехника маҳсулотларига қўйиладиган техник талаблар ҳамда уларнинг мувофиқлигини баҳолаш билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида томонлар соҳа мутахассисларидан иборат техник ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимнинг кенгайтирилган таҳририни имзолаш бўйича техник маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Йиғилиш якунида эришилган келишувларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг кейинги йўналишларини белгилаш мақсадида Савдо бўйича ишчи гуруҳ йиғилишининг баённомаси имзоланди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА