Тадбир ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли ўтди
Наманганда Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ёшлар учун касб танлаш, ўз салоҳиятини намоён этиш ва янги имкониятлар билан танишишга қаратилган тадбир ўтказилди.
Унда қатнашган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори Улуғбек Ҳусаинов мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни она Ватанимизга садоқатли руҳда тарбиялаш, давлат хизмати ҳамда халқ хўжалигининг турли тармоқлари учун жонбозлик билан ишлайдиган етук кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугун Янги Ўзбекистонда ёш ўғил-қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар мавжуддир.

Даставвал, вилоят марказидаги “Уч фаввора ҳиёбони”да йиғилганлар, хусусан фаол, иқтидорли ёшлар иштирокида “Янги Ўзбекистоннинг истиқболли кадрлари ТОП-100” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими, “Ёшлар сайилгоҳи”да эса “Мен танлаган касб” ёшлар сайли ташкил этилди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари “Ёшлар сайилгоҳи”да ташкилланган кўргазма ва касблар ярмаркасини кўздан кечирдилар. Ёшларга турли касб ва мутахассисликлар, таълим йўналишлари ҳамда касбий ривожланиш имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан махсус техника ва жиҳозлар намойиш қилинди. Айниқса, ёшларнинг ўз қизиқиши ва қобилиятига мос касбни танлашига кўмаклашувчи “Касблар ва меҳнат ярмаркаси” фестивалнинг асосий мазмунини ташкил этди.

Шундан сўнг, тадбирнинг эътиборга молик нуқталаридан бири – “Янги Ўзбекистоннинг истиқболли кадрлари ТОП-100” танловида энг юқори натижаларни қайд этган 100 нафар истиқболли кадр эълон қилиниб, ғолибларга диплом, статуэтка ва эсдалик совғалари топширилди. Танловга жами 1 минг 158 ариза келиб тушган бўлиб, иштирокчилар тўрт босқичда саралаб олинди.

Таниқли санъаткорлар ижросидаги концерт дастури ва ёшлар сайли барча-барчага илиқ таассуротлар қолдирди.

Касблар олами, замонавий имкониятлар ва ёшлар салоҳияти уйғунлашган тадбир эртамиз эгаларининг келажак касбини белгилаши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун яна бир муҳим майдон бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири