Америкадан узумнинг янги навлари олиб келинди
Американинг "ARRA" селекциясига мансуб данаксиз узум навлари Ўзбекистонда етиштирилади. Бу экспортбоп маҳсулот фермерлар даромадини ошириб, янги бозорларни очишга хизмат қилади.
Ўзбекистонда Американинг "Grappa Global" компаниясига қарашли "ARRA" селекциясининг данаксиз хўраки узум навларини етиштириш йўлга қўйилмоқда. "Олтиариқ – Агростар" корхонаси мазкур лойиҳани аҳоли билан ҳамкорликда амалга оширади. Ушбу навлар ўзининг данаксизлиги, аъло таъми, жозибадор кўриниши, юқори ҳосилдорлиги ва узоқ сақланиш хусусиятлари билан ажралиб туради. Энг муҳими, улар узоқ масофаларга ташиш ва савдо жараёнида сифатини йўқотмаслик талабларига тўлиқ жавоб бергани боис экспорт учун ғоят қулайдир.
“Олтиариқ-Агростар” мутахассиси Иброҳимжон Абдулазизовнинг сўзларига кўра, Американинг “Grappa Global” селекция компаниясининг “ARRA” навлари жаҳон бозорида юқори талабга эга. “Биз бу узумларни 2 минг гектар майдонга экишни режалаштирганмиз. Кейинги босқичда кўчатларни олиб келиб, деҳқон ва фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни йўлга қўямиз. Бу лойиҳа деҳқонларимизнинг даромадларини оширишга қаратилган”, — деди мутахассис.

“Grappa Global” компанияси халқаро техник маслаҳатчиси Андрэ Вермак 22-октябрь куни Фарғонада бўлиб ўтадиган тадбирда ўз навларини агрокомпаниялар ва фермерларга тақдим этишдан мамнун эканини билдирди. У айниқса, қуйидаги навларни алоҳида таъкидлади: “Mystic Dream” - бу кечпишар, қора, уруғсиз узум дунёдаги энг йирик донали навлардан бири ҳисобланади. Узум мавсумини узайтиришга интилувчи мамлакатларда жуда машҳур, чунки у мавсум охирида етиладиган сўнгги қора уруғсиз узум навидир. Унинг сақланиш муддати узоқ, ҳосилдорлиги юқори ва етиштириш учун қулай. Истеъмолчилар эса йирик доналарни юқори баҳолашади. “Fire Crunch” – бу қизил узум нави дунё бўйлаб, айниқса, чакана савдо тармоқлари орасида кенг тарқалган. Етиштиришга қулайлиги ва доналарининг ниҳоятда қарсилдоқлиги унинг асосий хусусиятларидандир. Номи ҳам ўзига хос хусусиятини акс эттиради. Унинг ранги жозибали бўлиб, ҳеч қачон қорамтир ёки тўқ қизил тусга кирмайди, доимо ёрқин ва бетакрор қизил рангини сақлаб қолади. “Cherry Crunch” – бу кечпишар қизил узум бўлиб, сўнгги икки йилда фермерлар орасида ва жаҳон бозорларида тобора оммалашмоқда. Унинг асосий афзалликлари узоқ сақланиш муддати ва ёмғирларга юқори чидамлилигидир. Ҳатто узлуксиз ёмғирли шароитда ҳам бу нав сақланиш хусусиятини ажойиб тарзда сақлаб қолади.

Ушбу ташаббус Американинг "ARRA" селекциясига мансуб данаксиз узум навларини Ўзбекистонда жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган стратегик қадамни акс эттиради. Маҳаллий корхоналар ва деҳқонлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа фермерлар даромадини ошириш ва жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар етиштириш учун муҳим имконият яратади.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА