Ўзбекистон ва Қатар: савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар кенгайтирилади
Ўзбекистон ва Қатар парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ўртасида онлайн шаклда учрашув бўлиб ўтди.
Унда давлатлар ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари ҳамда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Парламентлараро алоқаларни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, 2025 йил апрель ойида Қатар Шўро кенгаши Спикери Ҳасан бин Абдуллоҳ ал-Ғоним бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи давомида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми имзолангани бу борадаги муҳим қадамлардан бири сифатида қайд этилди.
Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, мунтазам учрашувлар ўтказиш, парламент аъзоларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш ҳамда эришилган келишувлар ижросини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ёш парламент аъзолари ўртасида тажриба алмашиш дастурларини ривожлантириш, уларнинг халқаро парламент тадбирларидаги иштирокини кенгайтириш, Осиё Парламент ассамблеяси доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқотда савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Энергетика, саноат, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА