Фарғонада 33 мингдан зиёд фуқаронинг мулкий ҳуқуқлари эътироф этилди
Фарғона вилоятида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш ишлари давом этмоқда. Бу борада қабул қилинган қонун кўп йиллар давомида ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилмай келинган уй-жой ва ер участкалари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонуни ижроси доирасида вилоятда бу йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ йигирма олтинчи сессиясида хатлов натижалари асосида яна 7 минг 211 нафар фуқаронинг якка тартибдаги уй-жойлари ва улар жойлашган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Натижада вилоятда мазкур қонун доирасида ҳуқуқлари эътироф этилган фуқаролар сони 33 минг 191 нафарга етди.
Бу эса минглаб фуқароларнинг узоқ йиллар давомида ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилмай келинган уй-жойлари ва ер участкалари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга хизмат қилмоқда. Эътироф этилган ҳуқуқларни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш фуқароларнинг мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-32370]
Мазкур жараён аҳолининг мулкий ҳуқуқларини таъминлаш, ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш ҳамда кўп йиллар давомида ечимини кутиб келган масалаларни қонуний тартибга солишга хизмат қилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА