Ўзбекистон ва Польша «Ҳалол» стандартлари бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқчи
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий Томаш Мишкевич бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ҳамда идора раисининг ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги диний-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, уламолар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳомиджон Ишматбеков меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш, уламоларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, зиёрат туризмини ривожлантириш ва «Ҳалол» стандартлари йўналишида тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Мулоқот давомида Польша делегациясига Ўзбекистондаги диний-маърифий ҳаёт, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти, масжид ва мадрасалар тизими, Фатво маркази ҳамда диний таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий Томаш Мишкевич самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, уюшманинг фаолияти, нашр ишлари ва Польшада турли миллат ҳамда дин вакиллари ўртасида қарор топган бағрикенглик муҳити ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, у ўзбекистонлик имом-хатибларнинг Польшага амалга оширган сафарлари самарали бўлганини таъкидлаб, бундай маърифий мулоқотларни давом эттириш, тажрибали уламоларнинг ўзаро ташрифларини йўлга қўйиш ва «Ҳалол» сертификатлаш тизими бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга қизиқиш билдирди.
Ташриф дастури доирасида Польша делегацияси Ислом цивилизацияси маркази ҳамда «Ҳазрати Имом» мажмуасида ҳам бўлди. Меҳмонлар бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва ноёб қўлёзмалар фонди билан танишди.
Учрашув Ўзбекистон ва Польша мусулмонлари ўртасидаги диний-маърифий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги муҳим мулоқотлардан бири бўлди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА