Ўзбекистон Халқаро почта рейтингида 11 поғона юқорилади
Ўзбекистон халқаро почта алоқаси соҳасидаги кўрсаткичларини яхшилаб, навбатдаги ижобий натижага эришди.
Бутунжаҳон почта иттифоқининг Халқаро почта алоқаси ривожланиш индекси (2IPD) бўйича мамлакатимиз 181 та давлат орасида 64-ўринни эгаллади. Бу аввалги натижага нисбатан 11 поғона юқори демакдир. Аввал Ўзбекистон ушбу рейтингда 75-ўринда қайд этилган эди.
Мамлакатимизнинг почта соҳасидаги халқаро кўрсаткичлари яхшиланаётгани аввалги натижаларда ҳам кузатилган. Жумладан, 2023 йилда Бутунжаҳон почта иттифоқининг почта алоқасини ривожлантириш бўйича ҳисоботида «Ўзбекистон почтаси» АЖ 115-ўриндан 74-ўринга кўтарилган.
Шу йилнинг 5 октябрь куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон почта иттифоқининг IV Фавқулодда конгрессида Ўзбекистон «Почта тараққиётининг юксалувчи юлдузи» мукофоти билан ҳам тақдирланган эди.
Халқаро почта алоқаси ривожланиш индекси мамлакатларнинг почта соҳасидаги тараққиёти, миллий почта тизимларининг самарадорлиги ва халқаро тармоқларга интеграциялашув даражасини баҳолашда муҳим мезон ҳисобланади.
Бугунги кунда почта хизмати фақат хат ва жўнатмаларни етказиб бериш билан чекланиб қолмайди. У электрон тижоратни ривожлантириш, аҳоли ва тадбиркорларга қулай логистика хизматларини кўрсатиш ҳамда халқаро савдо алоқаларини қўллаб-қувватлашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Шу боис почта инфратузилмасини модернизация қилиш, хизматлар сифатини ошириш ва рақамли ечимларни жорий этиш соҳа тараққиётининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг халқаро рейтингда 11 поғона юқорилаши эса миллий почта тизимини ривожлантириш ва мамлакатнинг глобал почта тармоғидаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги ижобий натижадир.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА