Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини муштарак тарих ва қадриятлар бирлаштиради
Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг бугунги яқин муносабатлари қадимий умумтуркий тарих, муштарак тил, маданият ҳамда асрлар давомида шаклланган иқтисодий, сиёсий алоқаларга бориб тақалади.
1995 йил 2 октябрда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилиб, 1996 йили Тошкентда Озарбайжон элчихонаси, 1998 йили эса Бокуда Ўзбекистон элчихонаси очилган. 2024 йил 23 августда Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикалари ўртасидаги муносабатлар иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Бу эса икки давлат ҳамкорлигининг янги босқичини бошлаб берди.
Икки халқнинг умумий туркий цивилизацияга мансублигини ифодаловчи тарихий далиллар талайгина. Бу муносабатларнинг шаклланиши ва янада мустаҳкамланишида Буюк ипак йўлининг аҳамияти жуда катта.
Соҳибқирон Амир Темур ҳам Озарбайжон билан муносабатда унинг илм-фани ва ҳунармандчилигига алоҳида эътибор қаратиб, юксак ҳурмат билдирган. Хусусан, Соҳибқирон ёшлигидан севиб ўқиган ва кўп жойларини ёд олган асарлардан бири – озарбайжонлик мутасаввиф шоир Маҳмуд Шабистарийнинг “Гулшани роз” (“Сирлар гулшани”) асари бўлгани ҳақида маълумотлар келтирилади.
Ривоят ва тарихий манбаларда қайд этилишича, Амир Темур Озарбайжонда бўлганида Шабистар қишлоғининг номи унга Маҳмуд Шабистарий ва унинг “Гулшани роз” асарини эслатади. Сўраб-суриштирилганда, Шабистарий шу қишлоқда яшаб ўтгани, унинг қабри эса қаровсиз ҳолда экани маълум бўлади. Шунда Амир Темур ўз одамларига фармон бериб, қабр ўрнида мўъжаз мақбара қуришни, атрофидан мақбарага қарашли вақф ер ажратишни, ундан келадиган даромад ҳисобидан боғ барпо этишни ва шоир қабрини зиёратгоҳ сифатида обод сақлашни буюргани айтилади.
Бундан ташқари, Соҳибқирон унга ғойибона устоз бўлган Маҳмуд Шабистарийга нисбатан юксак ҳурмат ифодаси сифатида махсус фармон чиқаргани ҳақида ҳам маълумотлар учрайди. Ушбу фармонга асосан, Шабистар аҳолисининг 15 ёшдан юқори бўлган фуқароларининг ҳар бирига беш мисқолдан олтин берилгани, жами 3891 нафар кишига 19 455 мисқол миқдорида олтин улашилгани ҳақида маълумотлар келтирилади.
Кейинги даврларда Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг ижодий мероси икки халқ ўртасидаги адабий-маданий муносабатларнинг мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутди. Бу маънавий алоқалар нафақат ўша давр, балки бугунги кун учун ҳам аҳамиятлидир.
XII асрда Ганжада яшаб, ижод қилган Низомий Ганжавий Шарқ мумтоз адабиётининг буюк намояндаларидан бири бўлиб, унинг машҳур “Хамса”си кейинги давр адабиётига улкан таъсир кўрсатди.
Низомийни ўзининг адабий устозларидан бири сифатида кўрган Алишер Навоий унинг анъаналарини давом эттириб, туркий тилда ўзининг “Хамса”сини яратди. Навоий Низомий ижодини чуқур ўрганиб, у ҳақда фикр билдирар экан, унинг ижодига юксак баҳо берган.
Ўз навбатида, XVI аср Озарбайжон адабиётининг буюк намояндаси Муҳаммад Фузулий ҳам Алишер Навоий асарларини ўрганиб, уни ўзига устоз сифатида кўрган ва Навоий ижодидан кучли таъсир олган.
Манбаларда Фузулий асарлари XVII асрдан бошлаб Туркистон мадрасаларида ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилгани ва китобхонлар орасида кенг тарқалгани қайд этилади. Бу ҳолат ўзбек ва озарбайжон адабий муҳити ўртасидаги маънавий муштаракликнинг яна бир муҳим далилидир.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Тошкентда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият марказининг очилиши икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларнинг Ўзбекистонда ривожланиши ва кенг ёйилишида муҳим қадам бўлди.
Ўз навбатида, Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти марказининг очилиши озарбайжон халқининг ўзбек тили ва маданиятига бўлган қизиқишининг ёрқин намунаси бўлди. Фузулий шаҳрида эса Ўзбекистон томонидан Мирзо Улуғбек номидаги умумтаълим мактабининг қурилиши икки туркий давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг амалий ифодасига айланди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик ва қўшма лойиҳалар ҳам жадал ривожланмоқда.
Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ректори А.Исмоилов билан биргаликда Озарбайжон Республикаси Таълим институтида бўлиб, институт фаолияти билан танишди.
Озарбайжон Республикаси Таълим институти директори Алиев Элнур Ғазанфар ўғли билан ўтказилган учрашувда мактаб раҳбарлари салоҳиятини ривожлантириш, ўқитувчилар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, сифатли таълим йўлида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув сўнгида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шунингдек, 2025 йилда Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти Озарбайжондаги STEAM Таълим маркази билан ҳамкорлик ўрнатиб, қўшма малака ошириш курсларини ташкил этди. Унда замонавий педагогик технологиялар, лойиҳа асосида ўқитиш, рақамли воситалар, муҳандислик ва санъат интеграцияси, инновацион фикрлаш ҳамда жамоавий ишлаш кўникмаларини ривожлантириш каби йўналишларда тажриба алмашилди.
Умуман олганда, сўнгги йиллардаги бу каби кенг қамровли муносабатлар ва ҳамкорликлар Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикаларини стратегик шерикликдан иттифоқчилик даражасига олиб чиқди.
Жумладан, 2022 йил 21 июнда Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳужжатлар имзоланди.
2023 йил 22–23 август кунлари Боку шаҳрида Олий давлатлараро кенгашни ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
2024 йил 23 августда эса Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Илҳом Алиев Ўзбекистон – Озарбайжон Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Бу ҳужжат икки давлат муносабатларининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини намоён этди.
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳри марказида Ўзбекистон боғининг, Тошкентда эса Озарбайжон боғининг ташкил этилиши, яқинда Янги Ўзбекистонда икки давлат президентлари иштирокида Низомий номидаги Миллий педагогика университетининг янги ўқув биноси очилиши каби ташаббуслар расмий муносабатларни янада мустаҳкамлаш билан бирга, халқларимиз ўртасидаги маданий ва маънавий яқинликни кучайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига биргаликда мезбонлик қилиши эса икки мамлакат ёшлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
2025 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 795 миллион долларга етган. Яқинда ушбу кўрсаткични 2030 йилга қадар 1 миллиард долларга етказиш бўйича дастур қабул қилиниб, қатор шартномалар имзоланди.
2026 йил 23 августдаги Ўзбекистон – Озарбайжон саммити икки томонлама муносабатлар тарихида яна бир муҳим босқични бошлаб берди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномани имзоладилар.
Шунингдек, Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши қарори қабул қилинди ва иқтисодиёт, инвестиция, маданият, туризм, таълим ҳамда бошқа соҳаларга оид қатор ҳужжатлар имзоланди.
Айни шу ташриф доирасида Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғи лойиҳасига старт берилди. Бу каби ташаббуслар икки давлат ўртасидаги расмий муносабатлар билан бир қаторда, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва маънавий яқинликни ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, икки давлат раҳбарлари иштирокида янги қўшма инвестиция ва ишлаб чиқариш лойиҳаларига старт берилди. Улар банк-молия, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, таълим, нефть-газ, туризм, уй-жой қурилиши, тоғ-кон ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишларни қамраб олди.
Бугунги Ўзбекистон–Озарбайжон муносабатлари нафақат давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва стратегик ҳамкорлик, балки тарихий, маданий ва маънавий муштаракликка таянган халқлар дўстлигининг ёрқин намунасидир.
Зеро, асрлар давомида шаклланган умумий тарих, муштарак адабий ва маънавий мерос, тил ва маданият яқинлиги икки халқни бир-бирига янада яқинлаштириб, янги авлодлар учун мустаҳкам дўстлик ва ҳамкорлик кўприги бўлиб хизмат қилади.
Завқибек МАҲМУДОВ,
Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат
миллий институти, тарихчи.
ЎзА