Самарқанд ёш парламент аъзоларини бир майдонга чорламоқда
Шу йилнинг 4–6 сентябрь кунлари қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарда Парламентлараро иттифоқ Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси бўлиб ўтади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеясида сўзлаган нутқида ёшлар масалаларига алоҳида тўхталиб, ёшларни миллий парламентлар ҳамда Иттифоқ фаолиятига фаол жалб этиш зарурлигини таъкидлаган ҳолда Ўзбекистонда Ёш парламент аъзоларининг конференциясини ўтказиш таклифини билдирган эди. Ушбу таклиф Парламентлараро иттифоқ аъзолари бўлган 180 дан ортиқ давлат томонидан қўллаб-қувватланди. 2025 йил октябрь ойида Женевада бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 151-ассамблеяси доирасида Олий Мажлис Сенати Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорликда Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференциясини 2026 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисида битим имзолади.
“Таҳликали даврда барча учун шахсий ҳуқуқ, адолат ва қадр-қимматни тиклаш” мавзусига бағишланган анжуманда 183 мамлакат, 15 та халқаро ташкилот ҳамда қарийб 50 нафар доимий кузатувчи ҳамда 300 га яқин делегат иштирок этиши кутилмоқда. Конференция дастуридан олтита сессия ўрин олган бўлиб, уларда замонавий дунёда ёшларнинг мақоми ва ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинади.
– Анжуман ёш парламент аъзоларининг глобал мулоқоти, тажриба алмашинуви ва демократик жараёнлардаги иштирокини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати Шоҳрух Жўрақулов. – Дунё аҳолисининг қарийб ярми 30 ёшдан кичик бўлган бир пайтда, парламент депутатларининг атиги 2,8 фоизи 30 ёш ёки ундан кичик. Бундан ташқари, дунёдаги парламент палаталарининг 37,1 фоизида 30 ёшгача бўлган бирорта ҳам депутат йўқ. Демак, муаммо фақат ёшларнинг сиёсатга қизиқишида эмас. Муаммо уларнинг сиёсий қарорлар қабул қилиш институтларида етарлича вакилликка эга эмаслигида. Парламентлараро иттифоқ ёш парламент аъзолари иштирокини кенгайтириш учун 2013 йилда Ёш парламент аъзолари форумини ташкил қилган. Асосий мақсад – ёшларнинг парламентлардаги иштирокини кучайтириш, ёш депутатларни парламент ишида тўлақонли иштирок этишга жалб қилиш ва ёшлар нуқтаи назарини глобал сиёсий қарорлар жараёнига олиб киришдан иборат.
Конференция дастурида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қуролли можаролар ва рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқлари, ёшларнинг сиёсий ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, бандлик, шунингдек, ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш каби масалаларга бағишланган олтита тематик сессия ўтказилиши режалаштирилган.
Бу мавзулар мамлакатимиз ёшлари учун ҳам бегона эмас. Масалан, рақамли технологиялар бир томондан ёшларга улкан имкониятлар очса, иккинчи томондан шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, киберхавфсизлик ва рақамли ҳуқуқлар каби янги масалаларни кун тартибига чиқармоқда. Ёшлар бандлиги масаласи эса дунёнинг деярли барча мамлакатларида долзарб.
Бу Самарқандда муҳокама қилинадиган масалалар фақат халқаро сиёсатчиларнинг мавзуси эмас, миллионлаб ёшларнинг кундалик ҳаётига дахлдорлигидан далолат беради.
Самарқанд конференцияси дастурида кичик гуруҳларда муҳокамалар, интерактив сессиялар ва амалий машғулотлар ҳам кўзда тутилган. Тадбир якунида ёш парламент аъзоларининг тавсияларини ўз ичига олган якуний ҳужжат қабул қилиниши режалаштирилган.
Конференция билан бир вақтда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорликка бағишланган III глобал форум ҳам ўтказилади.
Самарқанд бир неча кун давомида нафақат ёш сиёсатчилар, балки барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқлари ва парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири