Ҳуқуқни эътироф этиш жараёни такомиллашди, тезлашди
2024 йил ноябрь ойидан кучга кирган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун асосида шу пайтгача Самарқанд вилоятида 13 585 нафар фуқаронинг уй-жойига нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилди.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш мақсадида тегишли қонун қабул қилинган.
Мазкур қонунга кўра, мамлакатимиз фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ёки ортиқча эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлари қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилмоқда.
Шунингдек, фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлари ҳамда улар эгаллаган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари ҳам қонуний асосда мустаҳкамланмоқда.
Бундан ташқари, 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари жойлашган ер участкалари, шунингдек, хусусийлаштирилган бино ва иншоотлар эгаллаган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар ҳам белгиланган тартибда қонунийлаштирилмоқда.

– Вилоятимизда қонун ижроси юзасидан жорий йилнинг биринчи ярми якунигача 84 минг 601 та объект хатлов қилиниб, “Etirof” платформасига киритилган, – дейди Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Озоджон Шодиқулов. – Шундан 44 минг 988 таси муҳокама жараёнида, яъни ваколатли ташкилотлар томонидан тегишли хулосалар бериш учун тақдим этилган, 18 минг 325 таси эса адлия хулосаси кутилмоқда. Шу пайтгача бошқармамиз томонидан 22 минг 360 та объектга нисбатан тегишли хулосалар ўз вақтида шакллантирилди. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган ўндан ортиқ ташкилотга қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритилди. Ушбу тақдимномалар натижасида 8 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан хулоса шакллантирилган 9093 объект тўлов жараёнида бўлиб, фуқаролар томонидан белгиланган бир марталик тўлов тўлиқ тўланиши ёки бир марталик тўловни бўлиб тўлаш бўйича туман (шаҳар) солиқ инспекциялари билан шартнома тузилганда ҳуқуқлари эътироф этилиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, хатловдан ўтказилган 2001 та объект қонун талабларига тушмаслиги сабабли ҳуқуқлар эътироф этишдан рад қилинган.
– Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида яна 6000 нафар фуқаронинг ҳуқуқи эътироф этилиши кутилмоқда, – дея сўзида давом этади О.Шодиқулов. – Шу йил 15 июнда қабул қилинган қонун билан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунга киритилган бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар жараённи тезлаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтириш ва фуқаролар учун тўлов ҳамда шикоят қилиш механизмларини енгиллаштиришга хизмат қилди. Масалан, аввал ҳуқуқни эътироф этишгача бўлган айрим босқичлар анча узоқ давом этарди, эндиликда ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари сезиларли қисқартирилди. Жумладан, айрим маълумотларни шакллантириш учун белгиланган икки ойлик муддат 20 кунга, манфаатдор шахсларни хабардор қилиш ва тегишли жараёнлар бўйича айрим муддатлар бир ойдан 10 кунга қисқартирилди. Адлия органлари электрон йиғмажилд, маълумот ва ҳужжатларни 20 иш кунида ўрганиши белгиланди. Бунинг натижасида ҳуқуқни эътироф этиш жараёнининг умумий муддати анча қисқарди.
Бундан ташқари, янги қоидаларда “солиқ қарздорлиги” тушунчаси аниқлаштирилди. Энди ҳуқуқни эътироф этишга тўсқинлик қилувчи қарздорлик сифатида ер солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича қарзнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан ошадиган қисми назарда тутилмоқда. Бунинг амалий аҳамияти шундаки, кичик миқдордаги солиқ қарзи мавжудлиги автоматик равишда ҳуқуқни эътироф этишни рад этишга сабаб бўлмаслиги учун ҳуқуқий асос пайдо бўлди.
Энг муҳим янги механизмлардан яна бири ернинг бир қисми тақиқланган ҳудудда бўлса, қолган қисмини қонунийлаштириш имконияти яратилди. Масалан, фуқаро эгаллаб турган ер участкасининг фақат бир қисми қурилиш тақиқланган ҳудудга тушса, илгаригидек бутун объект бўйича масала салбий ҳал қилиниши шарт эмас. Янги тартибга кўра, тақиқланган ҳудудга тушган қисм аниқланади ва ушбу қисм ер майдонидан чиқариб ташланади. Қолган ер ва ундаги бино-иншоотларга ҳуқуқни эътироф этиш масаласи қайта кўриб чиқилади. Ваколатли ташкилотлар бундай маълумотни 5 иш куни ичида қайта кўриб чиқиши керак.
Бу норма, айниқса, ер участкасининг кичик қисми муҳофаза ёки қурилиш тақиқланган ҳудудга тушиб қолган ҳолатларда фуқаронинг ҳуқуқини тўлиқ рад этмаслик имконини беради.
Қонунга киритилган янги нормага кўра, ерга бўлган ижара ҳуқуқи эътироф этилганда якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерлар учун – 99 йил, бошқа ер участкалари учун – 49 йил этиб белгиланади.
Қонундаги янги 23¹-модда билан муҳим молиявий енгиллик киритилди. Эндиликда бир марталик тўловни тўлиқ бир йўла ёки белгиланган тартибда бир йилдан уч йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин. Белгиланган муддатда бир марталик тўловнинг 50 фоизи тўланган бўлса, қолган қисмини тўлашдан озод қилиш механизми ҳам назарда тутилган.
Янги тартибда фуқаронинг шикоят қилиш имкониятлари ҳам аниқлаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига келиб тушган шикоят 20 иш куни ичида кўриб чиқилади. Агар шикоят асосли деб топилса, адлия органининг хулосаси бекор қилиниши, ваколатли ташкилотнинг маълумоти ёки ҳужжати қайта кўриб чиқилиши, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни эътироф этиш масаласи қайта кўриб чиқилиши мумкин. Суд томонидан адлия органи хулосаси бекор қилинса ёки ҳақиқий эмас деб топилса, масала қонун талаблари асосида қайта кўриб чиқилиши белгиланган.
Умуман олганда, бу ўзгаришларни ҳуқуқни эътироф этиш жараёнини тезкорлик ва фуқарога қулайлик нуқтаи назаридан такомиллаштириш деб баҳолаш мумкин. Ва бу 2028 йил 1 январга қадар, яъни қонун амал қиладиган муддатда белгиланган жараёнларни ўз вақтида амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири