Ўзбекистон ва Миср: Қоҳирада тарих, илм-фан ва маданият мулоқоти
Яқинда Қоҳира шаҳрида юртимизнинг Миср Араб Республикасидаги элчихонаси ташаббуси билан “Тарих ва маданият кўприклари: Ўзбекистон – Миср” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда икки мамлакатнинг олимлари, таълим муассасалари ва маданият ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги кўп асрлик тарихий-маданий алоқалар, илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда маданий дипломатияни кучайтириш масалаларини муҳокама қилишди.
Тадбирда ўлкамизнинг Мисрдаги элчихонаси маслаҳатчиси Фазлиддин Самариддинов сўзга чиқиб, давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашда илм-фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Конференцияни Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори, филология фанлари доктори Ҳулкар Ҳамроева модератор сифатида олиб борди.
Йиғин дастури бир нечта мавзули сессиялардан иборат бўлди.
Даставвал тадбирнинг очилиш маросимида Қоҳира университети профессори Камол Абдулраҳмон “Қадимги Мовароуннаҳр ва Мисрнинг тарихий алоқалари” мавзусида маъруза қилиб, икки халқни боғлаб турган тарихий, илмий ва маданий ришталар ҳақида сўз юритди.
“Тарихий пойдевор” мавзусидаги биринчи сессияда Андижон давлат университети декани Баҳодир Раҳмонов Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой илмий ва маданий мероси ҳақида маъруза қилди. Шунингдек, Миср халқаро маданий фонди директори Тагрид Ал-Файёд ҳам ўз тақдимоти билан иштирок этди.
“Маданий ва илмий ҳамкорлик” мавзусидаги иккинчи сессияда Андижон давлат педагогика институти декани “Муҳайёхон Артиқова Алишер Навоий ижодидаги инсонпарварлик ғоялари хусусида маъруза қилди. Шунингдек, мазкур институт катта ўқитувчиси Замирахон Раҳмонова, “Suz.in” илмий журнали директори Асрор Аллаёров, Андижон давлат чет тиллари институти доценти Бекзодбек Абдуллаев ҳамда “Al Fanar” медиа ташкилоти бўлим раҳбари Муҳаммад Элҳавари маданий дипломатия ва замонавий гуманитар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
“Ёшлар форуми” доирасидаги учинчи сессияда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 17-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Юлдуз Қўлдошева ва мазкур мактаб ўқувчиси Бинафша Бозорова, Андижон давлат педагогика институти талабаси Мадинабону Артиқова ёшларнинг тарихий мерос, миллий қадриятлар ва халқаро маданий мулоқотга оид қарашлари билан ўртоқлашди.
Халқаро конференция доирасида Б.Расулов, М.Артиқова, А.Аллаёров муаллифлигидаги “Андижон полкаси”, Ҳ.Ҳамроева, Ш.Тўхтасимов, Н.Қосимов, Г.Матёқубова муаллифлигидаги “Хоразм “Лазги” санъати: юксалиш йиллари” рисолалари, муаллиф Б.Бозорованинг “Зулфия – дўстлик куйчиси” номли китоби ва халқаро “Suz.in” илмий журнали тақдимоти ҳам ўтказилди.
Ў.Алимов, ЎзА