Ўзбекистон ва Малайзия ҳалол сертификатлаштириш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳалол сертификатлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шу муносабат билан Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) вакиллари билан онлайн учрашув ташкил этилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистондаги миллий ҳалол сертификатлаштириш идорасини JAKIM реестрига киритиш жараёнларини жадаллаштириш, мазкур йўналишдаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро тажрибани кенг жорий этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Учрашувда JAKIMнинг ҳалол сертификатлаштириш соҳасидаги кўп йиллик тажрибаси ва халқаро фаолияти ҳақида маълумот алмашилди. Қайд этилганидек, мазкур ташкилот мувофиқликни баҳоловчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларни тан олиш бўйича ваколатли давлат идораси ҳисобланади.
Томонлар миллий ҳалол сертификатлаштириш идорасининг JAKIM реестрига киритилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Бу ўз навбатида миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда тан олиниши, экспорт географиясининг кенгайиши, ташқи савдо жараёнларининг соддалашиши ҳамда вақт ва харажатларни сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилади.
Музокаралар давомида Ислом мамлакатлари стандартлар ва метрология институти (SMIIC) томонидан ишлаб чиқилган стандартларни амалиётга жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Мазкур стандартлар маҳсулотларнинг хомашёдан тортиб тайёр маҳсулотгача бўлган барча босқичларда ислом шариати талаблари ҳамда санитария-гигиена меъёрларига мувофиқлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, Малайзия томонига мамлакатимизда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда замонавий баҳолаш механизмларини татбиқ қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилишича, миллий ҳалол сертификатлаштириш тизимининг халқаро даражада тан олиниши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги бозорлар эшигини очиб, мамлакатнинг ҳалол маҳсулотлар экспортини янада оширишга хизмат қилади.
Учрашув якунида Малайзия томони Ўзбекистон билан ҳалол сертификатлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА