Хавфларни бошқариш ва божхона аудитига халқаро экспертлар жалб қилинади
Божхона қўмитасида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Божхона қўмитаси Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Шерзод Мўминов, Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистондаги доимий вакили Коба Гвенетадзе ҳамда жамғарманинг Давлат солиқ қўмитаси раиси маслаҳатчиси сифатида фаолият юритаётган Георгий Канделаки иштирок этди.
Мулоқот давомида Божхона қўмитаси ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳамда келгусидаги устувор йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, соҳага илғор халқаро тажриба ва экспертлик кўмагини кенг жорий этиш, замонавий бошқарув усулларини татбиқ қилиш масалалари юзасидан фикр алмашди. Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда амалий лойиҳалар кўламини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Музокаралар чоғида Божхона қўмитаси фаолиятига халқаро экспертни маслаҳатчи сифатида жалб этиш ташаббуси ҳам кўриб чиқилди. ХВЖ вакиллари мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом этаётганини ва яқин вақт ичида ижобий натижаларга эришилиши кутилаётганини маълум қилди.
Шунингдек, техник кўмак дастурлари доирасида хавфларни бошқариш тизими, божхона аудити ҳамда божхона лабораториялари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида қисқа муддатли халқаро экспертларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. ХВЖ томонидан ушбу соҳалар бўйича малакали мутахассисларни жорий йил июль ойи охирига қадар жалб этишга тайёргарлик кўрилаётгани айтилди.
Таъкидланганидек, халқаро экспертлар иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар божхона назорати самарадорлигини ошириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда соҳада рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, божхона тизимида замонавий бошқарув механизмларини кенг жорий этиш ва соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма ташаббусларни изчил давом эттириш бўйича келишувга эришди.
Мазкур ҳамкорлик мамлакат божхона тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, унинг очиқлиги ва самарадорлигини ошириш ҳамда ташқи савдо жараёнларини янада соддалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА