Ўзбекистон ва Жазоир ўртасида тоғ-кон саноатида янги йўналишлар белгиланмоқда
Бугунги кунда тоғ-конь саноатида замонавий технологиялар ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон ва Жазоир ўртасида айни йўналишдаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш имкониятлари ошмоқда.
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Жазоир Халқ Демократик Республикаси тоғ-конь саноати вазири Мурад Ҳанифи билан учрашди.
Мулоқотда геология ва геологик қидирув, тоғ-конь ҳамда металлургия саноатидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, шунингдек, инвестициявий ва институционал шерикликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди, дейилади Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотида.
Технологиялар трансфери, геологик моделлаштиришнинг замонавий усулларини жорий этиш, литий, тантал, ниобий ва бошқа нодир элементларнинг истиқболли конларини биргаликда ўрганишга эътибор қаратилди. Албатта, бу борада ўзаро тажриба алмашиш, мутахассислар тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Бир қатор металларни маҳаллий даражада қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Олмалиқ ва Навоий конь-металлургия комбинатлари билан тажриба алмашиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида бўлажак Ҳукуматлараро комиссия доирасида соҳавий ишчи гуруҳ тузиш ва идоралараро битим тайёрлаш таклиф этилди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА