“Халқ билан бирга”: мурожаат амалий ечим топди
Аҳоли мурожаатларини ўрганиш, уларда кўтарилган муаммоларни жойига чиққан ҳолда таҳлил қилиш ва амалий ечимини таъминлаш Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастурида белгиланган муҳим вазифалардан биридир.
Дастур доирасида яратилган платформа орқали келиб тушган мурожаатлар депутатлар томонидан назоратга олиниб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этилмоқда. Жумладан, Хўжайли тумани “Парвоз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Товон яб кўчасида истиқомат қилувчи аҳолининг электр таъминоти билан боғлиқ мурожаати ҳам шу асосда ўрганилди.
Мазкур ҳудуддаги трансформаторнинг эскиргани ва қуввати мавжуд эҳтиёжга мос келмаслиги оқибатида маҳалладаги 300 га яқин хонадон электр энергиясида тез-тез узилишларга дуч келаётган эди. Муаммо “Халқ билан бирга” платформасига киритилиб, депутатлик назоратига олинди.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида Хўжайли тумани Кенгаши депутати Айбек Тожимуродов масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда мавжуд ҳолатни таҳлил қилди. Трансформаторни янгилаш учун зарур маблағ миқдори аниқланиб, масалани Кенгаш сессияси муҳокамасига киритиш бўйича тегишли таклиф тайёрланди.
Депутат ташаббуси асосида трансформаторни янгилаш учун маблағ ажратиш масаласи Хўжайли туман Кенгаши сессиясида кўриб чиқилди. Натижада Кенгаш қарори қабул қилиниб, зарур маблағ ажратилди. Қарор ижроси таъминланиб, Товон яб кўчасидаги эски трансформатор янгисига алмаштирилди.
Шу тариқа, “Халқ билан бирга” платформасига киритилган мурожаат депутатлик назорати орқали тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилди. Бу ҳолат аҳоли мурожаатларини қабул қилиш билан чекланиб қолмасдан, уларни аниқ масала сифатида ўрганиш, масъуллар олдига қўйиш ва якуний натижага эришиш муҳимлигини кўрсатади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири