Ўзбекистон ва Индонезия: стратегик шериклик парламент дипломатияси орқали мустаҳкамланмоқда
Олий Мажлис Сенатига мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Индонезия Республикаси Халқ маслаҳат кенгаши Раиси Аҳмад Музани бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, парламентлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотнинг асосий мавзуларидан бири – парламентлараро ҳамкорликни институционал асосда ривожлантириш бўлди. Шу муносабат билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш, қўшма ҳужжатларни ишлаб чиқиш, парламентлараро форумларни мунтазам ташкил этиш, шунингдек, ислом цивилизацияси ва бой маънавий меросини ўрганишга қаратилган илмий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Аҳмад Музани Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, мамлакатдаги бунёдкорлик ишлари, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, шунингдек, ислом цивилизацияси меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.
Суҳбат чоғида XIV аср охири-XV аср бошларида яшаб ижод қилган самарқандлик буюк даъватчи ва сўфий олим Малик Иброҳим Самарқандийнинг Ява ороли ҳамда умуман Индонезияда ислом динининг кенг ёйилишидаги беқиёс тарихий хизмати алоҳида қайд этилди. Таъкидланганидек, ана шу муштарак маънавий мерос Индонезия халқининг Ўзбекистонга бўлган самимий ҳурмати ва эҳтиромини янада мустаҳкамлаб келмоқда.
Томонлар икки давлат раҳбарлари ўртасида қарор топган ишончли ва самарали сиёсий мулоқот мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни, жумладан, парламентлараро алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.
Музокаралар давомида эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни жадаллаштириш, ҳалол сертификатларини ўзаро тан олиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш каби устувор йўналишлар ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, ҳудудлараро шерикликни ривожлантириш, туризм, айниқса зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, визавий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, олий таълим муассасалари ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда қўшма маданий-гуманитар лойиҳаларни изчил амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув якунида Аҳмад Музани Сенатнинг Фахрий меҳмонлар китобига ёзув қолдириб, Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қатъий интилишини билдирди.
Норгул Абдураимова,ЎзА