МДҲ майдонида Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлиги
Ўзбекистоннинг МДҲ майдонидаги энг яқин ва истиқболли шерикларидан бири Қирғизистон ҳисобланади. Бу ҳамкорлик хусусияти фақат ташқи савдо ёки қўшнилик билан чекланмайди.
Тошкент ва Бишкек муносабати чегара, сув-энергетика, транспорт, саноат кооперацияси, чегара олди иқтисодиёти, туризм ва гуманитар алмашинув каби бир-бирига чамбарчас боғлиқ масалаларни қамраб олган. Шу боис мазкур алоқаларни шунчаки икки томонлама муносабат эмас, балки Марказий Осиё интеграциясининг амалий синов майдони сифатида баҳолаш ўринли.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо барқарор ўсишда давом этяпти. Сўнгги саккиз йил қўшни давлатлар билан товар айланмаси 3,5 баробар ўсиб, қарийб 13 миллиард долларга етди. Минтақавий кўрсаткичнинг салмоқли қисми айнан Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади. Зеро, айнан шу даврда доимий савдо ва транспорт алоқалари тикланган.
Миллий статистика қўмитаси 2025 йил январь ойида МДҲ давлатлари билан ташқи савдо тузилмасида Қирғизистон улушини 3 фоиз кўрсатган. Бу рақам Россия ёки Қозоғистон билан солиштирганда кичик кўриниши мумкин, аммо муносабатнинг асосий хусусияти миқдор эмас, чегара олди иқтисодиёти ва юқори айланма тезлигида. 2026 йил 2 февраль ҳолатига кўра, юртимизда қирғиз капитали иштирокидаги корхоналар сони 344 тага етгани расман қайд этилган.
Ўзаро муносабатда саноат кооперацияси алоҳида йўналишга айлангани ўтган йил расмий ахборотида яққол кўринади. 2025 йил 10 июнда Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Касималиевни қабул қилганда савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, ҳудудлараро алоқа ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди. Мулоқот давомида энергетика ва транспорт коммуникацияси соҳасидаги йирик минтақавий лойиҳалар, жумладан Қамбарота ГЭС-1 ва Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишини жадаллаштириш зарурлигига урғу берилган.
Қирғизистон Иқтисодиёт ва тижорат вазирлиги тизимидаги савдо ваколатхонаси ахбороти ҳам амалдаги кооперация фақат баёнот эмаслигини кўрсатади. Масалан, ўтган йил 23 майда Қирғиз Республикасининг диёримиздаги савдо ваколатхонаси ўзбек компанияси “Nosirxon – Muslim” билан полиэтилен чиқиндисини гранулага қайта ишлаш тизими яратиш бўйича инвестиция лойиҳасини келишиб олган. Бу кичик мисол муҳим тенденцияни таъкидлайди: энди жараён тайёр товар савдосидан Қирғизистон ҳудудида ўзбек капитали ёки технологияси иштирокида қайта ишлаш қуввати яратишга кўчмоқда.
Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги яна бир муҳим хабар эълон қилди: Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси Президент Садир Жапаровнинг ўлкамизга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” асосида экспорт тўсиқларини бартараф этиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш устида ишлаяпти. 2025 йил июлда вазирлик ўзаро савдо ҳажмини босқичма-босқич ошириш, тўсиқларни бартараф этиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш режасини илгари сурди.
Икки томонлама муносабатнинг стратегик ўзаги транспорт масаласи ҳисобланади. Бу жабҳада асосий воқеа Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлидир. 2024 йил 27 декабрда Президентимиз мазкур темир йўл қурилиши бошланишига бағишланган маросим иштирокчиларига мурожаат йўллади. 2025 йил сентябрда Хитой билан музокарада мазкур темир йўл Евросиёда янги транспорт ва транзит коммуникацияси тизимининг муҳим занжири экани қайд этилди.
Мазкур лойиҳа бир неча жиҳати билан муҳим аҳамият касб этади. Биринчидан, Қирғизистонни ички тоғли иқтисодиётдан минтақавий транзит занжирига янада чуқурроқ интеграция қилади. Иккинчидан, Ўзбекистон учун Шарқий Осиёга чиқишда янги, қисқа ва стратегик йўл пайдо бўлади. Учинчидан, темир йўл барпо этилиши чегара олди ҳудудлари иқтисодий салоҳиятини юзага чиқаради. Логистика, омбор, қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш ва чегара инфратузилмасига янги талаб пайдо бўлади. Шу маънода мазкур ташаббус икки давлат муносабатида шунчаки транспорт лойиҳаси эмас, балки келгуси ўн йилликдаги иқтисодий ривожланишнинг асосий манзарасидир.
Энергетика ва сув масаласи тарихан муҳим соҳа. Шунинг учун айни йўналишдаги ижобий силжиш икки томонлама ишонч даражасини кўрсатувчи муҳим индикатор ҳисобланади. 2022 йил Андижондаги Кампиробод сув омбори ресурсини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим ратификация қилиниши билан шу йўналишдаги шерикликка ҳуқуқий асос яратилди. 2025 йил эса Президентлар ва ҳукумат раҳбарлари мулоқотида сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилгани алоҳида қайд этилди.
Таҳлилий жиҳатдан қаралса, сув-энергетика соҳасидаги бу ўзгариш сиёсий эмас, иқтисодий мантиққа ҳам эга. Қирғизистон учун гидроэнергетика экспорт ва ички қувват масаласи, Ўзбекистон учун эса мавсумий электр мувозанати, сув таъминоти ва минтақа энергетикаси ривожи учун барқарорлик, демакдир.
Хуллас, энди Ўзбекистон ва Қирғизистон учун асосий мақсад муаммоларни ҳал қилиш эмас, балки бартараф қилинган сиёсий масалаларни иқтисодий қиймат, саноат кооперацияси, транспорт инфратузилмаси ва ресурс алмашинувига айлантириш. Ҳозир Тошкент ва Бишкек умумий тараққиёт йўлининг айнан шу босқичида дадил одимламоқда.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА