Ўзбекистон ва Хитой: таълим соҳасидаги ташаббуслар самара бермоқда
“Asia Trans Gas” МЧЖ ҚК – “Ўзбекистон-Хитой” магистрал газ қувурининг эксплуатацияси учун масъул бўлган корхона бўлиб, ўзбек-хитой энергетик ҳамкорлигининг рамзи ва модели саналади. 16 йилдан буён “Asia Trans Gas” таълим ва маърифат соҳасидаги лойиҳаларни фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Компания ўқиш ва тажриба алмашиш имкониятларини тақдим этиб, ходимлар ва талабалар орасида билим ва кўникмаларни ривожлантиришга ёрдам бермоқда.
Компания мамлакатнинг турли ҳудудларида мактабларни қўллаб-қувватлайди, махсус олий ўқув юртлари талабалари учун ўқув курсларини ташкил этади ҳамда ходимлар учун касбий ўсиш шароитларини яратади. Ёш мутахассисларнинг таълимини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг малакасини ошириш нафақат компания ривожланишига ҳисса қўшади, балки мамлакатнинг инсон капиталини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу эса Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти ва фаровонлигига эришиш учун муҳим ҳисобланади.

Ҳамкорлик келажак ривожига ҳисса қўшади
“Asia Trans Gas” ўз фаолиятини компаниянинг асосий тамойилларига таяниб олиб боради. Улар орасида жамият ҳаётига ижтимоий ҳисса қўшиш ва ходимларни ривожлантириш асосий ўрин тутади.
Таълим ва таълим олиш имконияти ҳар бир мамлакатнинг фаровонлиги ва тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли, компаниялар ушбу соҳада ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, таълимга сармоя киритиш ва ҳамкорлик учун имкониятлар яратишга эътибор бериши лозим. Бунинг натижасида таълим сифати яхшиланиб, жамият ва бизнес учун фойда келтирувчи бўлажак мутахассислар тайёрланади.

Газ ташиш бўйича етакчи компания сифатида “Asia Trans Gas” техник ходимларни тайёрлаш учун иқтидорли ва таълимда юқори натижаларга эришган махсус олий ўқув юртлари талабаларини ишга қабул қилишга манфаатдор.
Жорий йилда талабаларда касбий кўникмаларни ривожлантириш мақсадида корхона Бухоро муҳандислик-технология институти билан ҳамкорлик қилди. Институт талабалари учун компаниянинг етакчи мутахассислари томонидан халқаро ISO стандартлари бўйича сифат менежменти тизими, соғлиқни сақлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш, техника хавфсизлиги, саноат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда газ транспорт қилиш соҳасидаги ишлаб чиқариш жараёнлари бўйича маърузалар ўтказилди.
Сармоялар бесамар кетмайди
Ходимларни ўқитиш уларнинг ишончини ва мустақиллигини оширишга қаратилган сармоядир. Корхона учун кадрларнинг касбий ривожланишига қўшилган ҳисса энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Доимий ривожланиш ҳар бир ходимга умумий мақсадларга эришишда ўз ролини кўриш ва ўз ҳиссасининг қийматини ҳис қилиш имконини беради. Натижада, компания нафақат малакали мутахассисларни, балки умумий ғоялар билан руҳланган ягона жамоани шакллантиради.
Корхона ходимларнинг билим олишга ва касбий малакасини оширишга бўлган интилишини юқори даражада қадрлайди. Доимий ўз-ўзини ривожлантириш ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал қилиш, ҳамкасбларни қўллаб-қувватлаш ва ёш мутахассисларга билимларни етказишда ёрдам беради.

– Корхонада 2010 йилдан буён ишлаб келмоқдаман, – дейди WKC2/GCS компрессор станциялари минтақавий менежерининг биринчи ўринбосари Замир Мамедов. – Фаолиятимни муҳандис-механик лавозимидан бошлаб, 14 йил мобайнида биринчи ўринбосар даражасигача етиб келдим. Тошкент политехника университетида “Магистрал газ қувурларини лойиҳалаш ва эксплуатация қилиш” йўналиши бўйича олган билимим ва “Нефт ва газ саноатида машиналар ва жиҳозлар” йўналишидаги магистрлик даражам менинг касбий ўсишим учун мустаҳкам асос бўлди. Узлуксиз таълимни қўллаб-қувватлаб, мустақил таълим олиш усулини ишлаб чиқдим ва унга ҳар куни 30 дақиқа вақт ажратаман. Ушбу усул бўйича 13 йўналишда ишлайман. Хорижий тилларни ўрганаман, ҳар ой камида 1 та китоб ўқийман. Мен ишонаманки, доимий малака ошириш, янги билим ва тажрибалар ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлайди ва ўз фикрини ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Корхона етакчи ўқув юртлари, технологик ускуналар ишлаб чиқарувчиларнинг тренинг марказлари ва Европа, АҚШ ҳамда Хитойдаги илмий лабораториялар билан ҳамкорлик қилиб, ходимларининг малакасини ошириш, билимларини кенгайтириш ва илғор технологияларни жорий этиш мақсадида ходимлар учун ўқув дастурларини ташкил этади. Буларнинг барчаси компания ривожланиши ва иш самарадорлигининг ошишига хизмат қилади.

Корхонанинг хитойлик ходимлари ҳам ўз билимларини Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида давом эттиришни танлашмоқда. Бугунги кунга қадар олти нафар ходим магистр ва докторлик даражасини қўлга киритган.
– Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Халқаро муносабатларнинг сиёсий муаммолари” йўналиши бўйича докторлик даражасини олдим, – дейди марказий бухгалтерия бўлимининг капитал харажатлар ва инвестициялар ҳисоби бўйича катта мутахассиси Чжан Пен. – Менинг учун Ўзбекистонда ўқиш энг мақбул танлов бўлди. Чунки бу менга профессионал фаолиятни ва таълим олишни бирга олиб бориш имконини берди. Ўзбекистонда юқори малакали ўқитувчиларга эга бўлган бир қатор нуфузли университетлар мавжуд бўлиб, улар янги билимларни олиш учун ажойиб шароитларни тақдим этади.
Корхона таълим ва ходимларнинг профессионал ривожланишига киритилаётган сармоялар нафақат корпоратив жавобгарлик, балки барқарор ўсиш ва инновацияларни таъминлайдиган стратегик қадрият эканлигини намойиш этади. Ўқитиш ва мутахассисларнинг малакасини оширишга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги энергетик ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.