Ўзбекистон ва Гонконг ўртасида 30 кунлик визасиз режим йўлга қўйилади
Ўзбекистон ҳамда Гонконг фуқаролари учун 30 кунгача бўлган муддатга ўзаро визасиз тизимни жорий этиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Тошкентда Гонконг махсус маъмурий ҳудуди маъмурияти раҳбари Жон Ли Каччиу билан расмий учрашув бўлиб ўтган. Музокаралар давомида томонлар сармоялар киритиш, молия сектори, рақамлаштириш жараёнлари, сунъий интеллект технологиялари, шунингдек, транспорт ва логистика каби муҳим соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишган.
Учрашув давомида Гонконгнинг йирик халқаро молия ва бизнес маркази сифатидаги бой тажрибаси Ўзбекистон иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда замонавий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда катта ёрдам бериши алоҳида қайд этилди.
Мулоқот якунида икки томон вакиллари ўзаро визасиз режимни расман йўлга қўйиш бўйича ҳукуматлараро келишув тузиш истагини ифода этувчи вербал ноталарни алмашишди. Вазир Бахтиёр Саидовнинг сўзларига кўра, ушбу қадам икки давлат аҳолиси учун қўшимча имкониятлар эшигини очади ҳамда туризм ва ишбилармонлик алоқаларини янада жонлантиришга хизмат қилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА