ОЧИҚ МУЛОҚОТ: туризм соҳасида тадбиркорлар қандай муаммоларга дуч келмоқда?
Тошкент шаҳрида туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда соҳани янада ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув тадбиркорлар ва мутасадди идоралар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, соҳадаги долзарб масалаларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилгани янада аҳамиятли.

Мулоқот давомида туризм тармоғининг бугунги ҳолати, унинг рақобатбардошлигини ошириш ва хизматлар сифатини яхшилашга оид масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Шу билан бирга, тадбиркорлар ўз фаолияти давомида учраётган муаммолар, соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар ва амалий ташаббусларини билдириш имкониятига эга бўлди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, туризм соҳасининг барқарор ривожланиши нафақат сайёҳлар оқимини кўпайтириш, балки янги иш ўринларини яратиш, хизматлар экспортини кенгайтириш ва ҳудудлар иқтисодий фаоллигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, тармоқда замонавий ёндашувлар ва халқаро тажрибани кенг жорий этиш, хизматлар сифатини янада яхшилаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Хусусан, мулоқот чоғида туризм ва меҳмонхона хизматлари сифатини ошириш ҳамда халқаро стандартларни кенг жорий этиш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, транспорт, навигация ва туристларга хизмат кўрсатиш объектлари имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, туристик хизматлар экспортини кўпайтириш ва мамлакатнинг халқаро туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган таклифларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқиш ҳамда улар юзасидан амалий чоралар кўриш учун тегишли вазирлик ва идораларга юборилиши маълум қилинди. Бу каби очиқ мулоқотлар туризм соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди.
Н.Зиёдуллаева,ЎзА