Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари самарали музокаралар якунларини сарҳисоб қилдилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко музокаралар якунлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.
Давлатимиз раҳбари Александр Лукашенкога самимий қабул ва илиқ меҳмондўстлик учун чин дилдан миннатдорлик билдириб, Беларусь халқини яқинда нишонланган Мустақиллик куни билан табриклади.
Ушбу расмий ташриф Ўзбекистон – Беларусь муносабатлари ривожида тарихий воқеа экани мамнуният билан қайд этилди.
Жумладан, Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларациянинг имзолангани саммитнинг асосий натижаларидан бири бўлди.


Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, мазкур ҳужжат давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги саҳифа очиб, томонларнинг кўп қиррали шерикликни узоқ муддатли ривожлантириш борасидаги қатъий интилишини тасдиқлайди.
Музокараларга катта тайёргарлик кўрилгани уларнинг муваффақиятли ўтишида муҳим омил бўлгани қайд этилди.
Ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, учинчи Ҳудудлараро форуми, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда таҳлилий доиралар учрашуви бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.


Саммит олдидан товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ҳамда устувор соҳалардаги янги лойиҳавий ташаббусларни қамраб олган комплекс режа қабул қилинди.
Бунда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, микроэлектроника, тўқимачилик, мебелсозлик ва бошқа тармоқларда кооперацияни ривожлантириш назарда тутилган.
Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси ва турдош инфратузилмани қуришда Беларусь тажрибасини қўллаш юзасидан келишувга эришилди.
Учинчи Ўзбекистон – Беларусь Ҳудудлараро форумининг якунлари юқори баҳоланди. Форум ишида Ўзбекистоннинг 230 нафарга яқин тадбиркорлари иштирок этди.


Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ ва Қўшилмаслик ҳаракати каби минтақавий ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга интилиш қатъий экани таъкидланди.
Маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда туризм соҳаларидаги фаол алмашинувлар давом эттирилади.
Давлатимиз раҳбари Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь дўстлиги хиёбонини барпо этиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди.
Жорий йилда навбатдаги тиббиёт, таълим ва туризм форумларини ташкил этишга аҳдлашиб олинди.
Якунда бугунги тарихий ташриф натижалари стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга ҳамда икки мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигига ҳар томонлама хизмат қилиши таъкидланди.