Сенат Раиси: Биноларни аввал барпо этиб, кейин расмийлаштириш каби номақбул амалиётга чек қўйилади
Сенат ялпи мажлисида “Қурилиш соҳасида давлат назорати ва бошқаруви янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда шаҳарсозлик ва қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш, аҳоли учун хавфсиз ва қулай яшаш муҳитини яратиш, қурилиш ишларининг сифати ва шаффофлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева мазкур қонун фақат қурилиш соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштиришга эмас, балки фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, мулкий ҳуқуқлари ҳамда хавфсиз яшаш муҳитини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади. Ўзбекистон сейсмик фаол ҳудудда жойлашгани боис ҳар бир бино ва кўп квартирали уй қонунчилик, шаҳарсозлик нормалари ҳамда хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бериши шарт.

– Қурилиш суръати ортиши билан давлат назорати ҳам янада самарали, шаффоф ва таъсирчан бўлиши лозим, – деди Т.Норбоева. – Зеро, қурилиш жараёнида йўл қўйилган ҳар қандай қонунбузарлик ёки бепарволик келгусида юзлаб оилалар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин. Қонунда назарда тутилган нормалар, энг аввало, инсофли тадбиркорлар ва қурувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Соҳада қонун устуворлигини таъминланади. Биноларни аввал барпо этиб, кейин расмийлаштириш каби номақбул амалиётга чек қўйилади.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов қурилиш жараёнлари устидан давлат назорати самарадорлигини ошириш, биноларнинг сейсмик хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларини такомиллаштириш ҳақиқатан заруратга айланганини таъкидлади.
Қонун билан Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, кўп квартирали уйларни қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасисиз қурганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Шу муносабат билан Жиноят-процессуал кодексининг тегишли нормалари ҳам мувофиқлаштирилмоқда.

“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақида хабарнома юбориш амалиёти ўрнига, ушбу ишларни бошлаш учун қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияларидан рухсатнома олиш тартибини жорий этувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шаҳарсозлик кодекси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартиришлар билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг сейсмик хавфсизлик соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилмоқда, шунингдек шаҳарсозлик ҳужжатлари таркибига мастер-режа киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун қурилиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, давлат назоратининг самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, аҳоли учун хавфсиз яшаш муҳитини яратиш ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этишга хизмат қилади.

Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА