Ўзбекистон ва Австрия касбий таълим соҳасидаги ҳамкорлик (+видео)
Ўзбекистон делегациясининг Австриядаги амалий ташрифи давомида Федерал Таълим вазирлиги, Парламент, Федерал Иқтисодиёт, энергетика ва туризм вазирлиги вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказилди.
Ташрифнинг биринчи кунида Ўзбекистон делегациясининг Австрия Федерал Таълим вазирлиги, Австрия Парламенти ҳамда Федерал Иқтисодиёт,энергетика ва туризм вазирлиги вакиллари билан учрашувлари бўлиб ўтди. Мулоқотларда икки мамлакат касбий таълим тизимидаги тажрибалар, замонавий кадрлар тайёрлаш ва таълимни меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Асосий мавзулардан бири — Австриянинг дуал таълим модели, яъни «Lehre» тажрибаси бўлди.Ушбу тизимда назарий билим билан бирқаторда амалий кўникмаларни шакллантиришга катта эътибор қаратилади.Учрашувларда техник коллежларни молиялаштириш, муҳандис ва ўқитувчиларни тайёрлаш, шунингдек, таълим муассасалари билан саноат корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик механизмлари юзасидан фикр алмашилди.
Техникумларнинг менежмент йўналишидаги директор ва директор ўринбосарлари учун Австрияда малака ошириш ва тажриба алмашиш имкониятларини яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Яна бир муҳим йўналиш — муҳандислик таълими. University of Applied Sciences Austria билан ҳамкорликда Австрия тажрибаси асосида янги таълим дастурларини жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Касбий таълимни ривожлантиришда фақат таълим дастурларини янгилаш эмас, балки мутахассисларнинг реал меҳнат бозори талабларига мос компетенцияларини шакллантириш ҳам муҳим. Шу боис учрашувларда компетенцияга асосланган таълим, касбий стандартларни ишлаб чиқиш ва янгилаш, малака ва компетенцияларни баҳолаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Халқаро дастурлар,академик ва педагогик мобиллик, хорижий стажировкаларни ташкил этиш бўйича ҳам тажриба алмашилди. Касбий таълим йўналишидаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги юқори даражадаги музокараларда ҳам белгиланган. Аввалги учрашувларда Австриянинг дуал таълим тажрибасини ўрганиш ва ушбу йўналишда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган эди.
Австриядаги ташриф давомида эса бу келишувларни амалий мазмун билан бойитиш, таълим муассасалари ва мутахассислар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Келгусида Австриянинг касбий таълим ва кадрлар тайёрлаш бўйича илғор тажрибасини ўрганиш, уни Ўзбекистон шароитига мослаштириш, янги таълим дастурларини жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича ишлар давом эттирилади.
Мақсад — ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш, уларнинг амалий кўникмаларини ошириш ва меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришдан иборат.
М.Турдалиева, А.Аҳмедов (ЎзА)