Ҳамшираларнинг жамоат саломатлигидаги роли қанчалик муҳим?
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида фаолият юритаётган ҳамшираларнинг профессионал билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш жамоат саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Корея ижтимоий хайрия фонди ҳамда Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) ҳамкорлигида Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт ва Бектемир туманлари ҳамширалари учун махсус халқаро семинар-тренинг ташкил этилди.
Интерфаол усулда ўтказилган тренинг давомида иштирокчилар аҳоли ўртасида касалликларнинг олдини олиш, профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишнинг замонавий ёндашувлари бўйича ўз билимларини оширди.
Соҳа мутахассислари томонидан аҳоли билан мулоқот қилиш маданияти ва тиббий тарғибот усулларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, тиббиёт ходимларига аҳолига касаллик профилактикасига оид тавсияларни содда, тушунарли ва таъсирчан тарзда етказиш, шунингдек, ҳар бир оила билан индивидуал ишлаш бўйича зарур амалий кўникмалар берилди.
– Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ҳамшираларнинг хизматлари беқиёс, – дейди тренер Мафтуна Саидова. – Жамоат саломатлигида касалликнинг олдини олиш, яъни профилактика ва тиббий тарғибот энг муҳим босқич ҳисобланади ва бу жараённинг асосий юки айнан ҳамширалар, хусусан, патронаж ҳамширалари зиммасига тушади. Улар ҳар бир хонадонга кириб бориб, аҳолининг тиббий маданиятини оширади, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади, сурункали хасталикларни барвақт аниқлашга ёрдам беради ва паллиатив парваришга муҳтож беморларга бевосита психологик ҳамда тиббий кўмак кўрсатади. Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ҳамширалар малакаси ва ваколатининг кенгайтирилиши бирламчи тиббий-санитария ёрдами сифатини кескин оширади. Халқаро ҳамкорлик доирасида ўтказилаётган бу каби тренинглар патронаж ва тиббиёт ҳамшираларининг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, интерфаол машғулотлар ва тажриба алмашинув жараёнида олинган билимлар тиббиёт ходимларининг кундалик фаолиятида аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ҳамда профилактика тадбирларининг сифатини яхшилаб, охир-оқибат жамоат саломатлигини мустаҳкамлашдек натижага элтади. Халқаро ҳамкорлар билан йўлга қўйилган бу каби қўшма лойиҳалар илғор хорижий тажрибаларни маҳаллий тиббиётга татбиқ этиш, ходимларнинг маҳоратини бойитиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда янги имкониятлар эшигини очади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА