Ўзбекистон–Туркия маданият ва санъат учрашувлари бошланди
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон–Туркия маданият ва санъат учрашувлари - Турк кино кунлари» маданий тадбирлари бошланди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланиб, икки мамлакат халқларининг муштарак тарихий ва маданий қадриятларига асосланган ҳолда тобора кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида 2018 йил 30 апрелда имзоланган «Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Битим» икки томонлама маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини ташкил этади.
Мазкур ҳуқуқий асос доирасида маданият ва санъат соҳасида тажриба алмашиш, ижодий жамоалар ва санъаткорлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш, маданий тадбирлар ташкил этиш, кино, театр, мусиқа, адабиёт ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик изчил давом эттирилмоқда.

Шу муносабат билан ташкил этилаётган «Ўзбекистон–Туркия маданият ва санъат учрашувлари — Турк кино кунлари» ҳам икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг амалий ифодаларидан биридир. Мазкур тадбирлар доирасида расмий учрашувлар, маданият ва адабиётга бағишланган тақдимотлар, кўргазмалар, ўзбек ва турк санъат усталарининг қўшма концерти ҳамда «Турк кино кунлари» ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой биргаликда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб ўтган «Туркия ва Ўзбекистоннинг маданий алоқаларида таржиманинг ўрни» мавзусидаги тақдимот ва кўргазмалар намойишида иштирок этдилар.
Тадбир доирасида институтда Туркиянинг Юнус Эмре институти томонидан ташкил этилган, Туркиянинг бой маданияти ва санъатини акс эттирувчи «Турк маданиятидан япроқлар» кўргазмаси бўлиб ўтди. Шунингдек, Туркиянинг «Турк маданияти, санъати ва адабиёти асарларини хорижга тарғиб қилишни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси» (ТEДА дастури) доирасида ўзбек тилига таржима қилинган «Мотуридийнинг тафаккур дунёси» асари тақдимот этилди. Маълумот ўрнида, бугунги кунга қадар ТEДА дастури доирасида Ўзбекистонда 25 та асарни таржима қилиш ва нашр этиш бўйича ҳамкорлик амалга оширилган.



Шундан сўнг икки давлат маданият вазирлари пойтахтдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, марказ экспозисиясидаги ислом оламига оид ноёб экспонатлар билан танишдилар. Ташриф давомида Меҳмет Нури Эрсой томонидан марказга «Куллиёти Навоий» асарининг нусхаси (факсимиле нашри) тақдим этилди. (Маълумот ўрнида, «Куллиёти Навоий» Алишер Навоийнинг турли жанрдаги асарлари жамланган нодир қўлёзма тўпламдир. Куллиёт таркибида Алишер Навоийнинг 26 та асари жамланган бўлиб, унинг асл нусхаси Истанбул шаҳридаги Топқопи саройи кутубхонасида сақланади.)
Тадбирларнинг навбатдаги манзили «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройи бўлди. Бу ерда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ўртасида икки томонлама ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда маданият ва санъат соҳасидаги Ўзбекистон–Туркия муносабатларининг бугунги ҳолати, мавжуд ҳамкорлик йўналишлари ҳамда уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Расмий учрашувдан сўнг «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган ўзбек ва турк санъат усталарининг қўшма концерти бўлиб ўтди.
Концерт дастури аввалида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари қадим илдизларга, мустаҳкам асосга эга эканини таъкидлади.
- Ўзбекистон халқининг энг улуғ байрами — Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган концерт дастуридаги иштироки ва қўллаб-қувватлови учун турк қардошларимизга миннатдорлик билдирамиз, - деди маданият вазири Озодбек Назарбеков. – Ушбу ташаббусни илгари сургани учун Туркия Республикаси ҳукуматига, Маданият ва туризм вазирлигига, азиз биродарим ҳурматли Меҳмет Нури Эрсой жанобларига ҳамда барча туркиялик ҳамкасбларимизга миннатдорлик билдираман. Албатта халқларимиз биродарлик ришталарини мустаҳкамлашда икки давлат Раҳбарларининг ўрни беқиёсдир. Ҳурматли Президентларимизнинг ташаббуслари билан маданият соҳасидаги ҳамкорлигимиз юқори даражага кўтарилди. Биз тарихни бирга ўқиган халқлармиз. Мовароуннаҳр ва Анадолу заминларида камол топган буюк алломалар, мутафаккирлар, шоир ва санъаткорларнинг бебаҳо мероси халқларимизни асрлар давомида бир-бирига яқинлаштириб келган. Бугун бу саҳнада янграйдиган куй-қўшиқлар, намойиш этиладиган санъат намуналари икки қардош халқнинг муштарак руҳини, ўзаро ҳурмати ва самимий дўстлигини тараннум этади. Шу маънода, бугунги концертни оддий маданий тадбир деб эмас, балки икки қардош халқ қалбларининг мулоқоти, деб қабул қилишимиз керак.

Шунингдек, тадбирда Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой нутқ сўзлади.
— Биз учун ниҳоятда қадрли ва улуғ бир кунда – дўст ва қардош Ўзбекистоннинг 35 йиллик Мустақиллик юбилейи муносабати билан сизлар билан бирга бўлиб турганимдан жуда мамнун ва шарафлиман- деди Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой. – Сизларни Ўзбекистон Республикасидаги барча дўстларимиз ва қардошларимизга, Ўзбекистон халқига Туркия Республикаси номидан самимий меҳр, ҳурмат ва эзгу тилакларимни изҳор этган ҳолда қутлайман. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик кунини энг самимий тилакларим билан муборакбод этаман. Дўст ва қардош Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва хотиржамлик тилайман. Президентимиз муҳтарам Режеп Таййип Эрдоған жанобларининг ҳам салом ва эзгу тилакларини қардош Ўзбекистон халқига етказаман. Туркия ва Ўзбекистон асрлар давомида шаклланган мустаҳкам ришталар билан бир-бирига боғланган икки буюк мамлакатдир. Мамлакатимиз Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олган биринчи давлат бўлган. Ўша кунлардаёқ икки дўст ва қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг энг мустаҳкам пойдеворларидан бири яратилган. Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида муштарак тарихимиз, маданиятимиз ва цивилизацион меросимизга асосланган чуқур ва мустаҳкам алоқалар мавжуд. Ушбу умумий мерос изларини Самарқанддан Бухорога, Хивадан Тошкентга қадар ушбу қадимий заминнинг ҳар бир гўшасида кўриш мумкин. Имом Бухорий, Беруний, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий сингари буюк аллома ва мутафаккирларнинг илм-фан, тафаккур ва адабиёт соҳаларида яратган бебаҳо асарлари бугунги кунда Туркия ва Ўзбекистоннинг умумий маданий хазинасининг муҳим қисмларини ташкил этади. Бироқ муштарак меросимиз фақат ўтмишгагина тегишли эмас. Бу меросни бугун ҳам биргаликда асраб-авайлаб, маданият ва санъат орқали келажак авлодларга етказмоқдамиз. Бугун кечқурун бу ерда ўтказилаётган Туркия–Ўзбекистон маданият ва санъат учрашувлари ҳам бунинг ёрқин намунасидир.
Тантанали концерт дастурида икки қардош халқнинг миллий мусиқа, қўшиқ ва рақс санъати намуналари, шунингдек, замонавий ижод намуналари тақдим этилди.
Маданий тадбирларнинг муҳим йўналишларидан бири «Турк кино кунлари» бўлиб, унинг тантанали очилиш маросимидир. Очилиш маросимида Туркия кинематографиясининг таниқли вакиллари - актёрлар Энгин Алтан Дюзятан, Ўзге Гюрел, Серкан Чаёғлу, Дениз Барут ва Эмре Караел иштирок этиб, ўзбек томошабинлари билан учрашадилар.
Кино кунлари доирасида турк кинематографиясининг сара намуналари намойиш этилади. Фильмлар намойиши дастуридан «Аждодлар садоси», «Кесилган дарахтдек», «Бахтлимизми?», «Қара, почтачи келяпти», «Изқувар Рептир» каби фильмлар ўрин олган.
Ушбу дўстлик байрами икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ижодкорлар ўртасида тажриба алмашиш ва халқларимизнинг бир-бирига яқинлигини санъат ва кино воситасида янада кенг намоён этишга хизмат қилади.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири