Анқарада Турон цивилизацияси мавзуси халқаро илмий майдонга олиб чиқилди
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори, академик Азамат Зиё Туркия пойтахти Анқара шаҳрида бўлиб ўтган 20-Турк тарихи халқаро конгрессида иштирок этди. Турк тарихи жамияти томонидан ҳар тўрт йилда бир марта ташкил этиладиган мазкур нуфузли анжуманда олим «Турон цивилизацияси» мавзусида маъруза қилди.
Академик ўз чиқишида туркий халқлар тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга бўлган бир масалага эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда илмий адабиётлар ва дарсликларда Месопотамия, Миср, Хитой, Ҳинд, Эрон, Юнон, Рим, ҳатто Инк цивилизациялари ҳақида маълумотлар учрайди. Бироқ шунча бой тарихий меросга эга бўлган Турон цивилизацияси аксарият ҳолларда алоҳида цивилизацион ҳодиса сифатида тилга олинмайди.
Ваҳоланки, Туроннинг ўзига хос географик макони, сиёсий тузилиши, иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти, бой илмий-маданий мероси ҳамда эътиқодий қарашлари уни мустақил цивилизацион жараён сифатида ўрганиш учун етарли асос беради.

Маърузада бугунги тарихий қарашларнинг шаклланишида ўтмишдаги сиёсий жараёнлар ҳам муҳим ўрин тутгани қайд этилди. Хусусан, совет даврида олиб борилган «майдалаб ют» сиёсати натижасида Турон ва Туркистоннинг яхлит тарихий манзараси парчаланди. Минтақанинг ўтмиши алоҳида ҳудудлар ва халқлар тарихи доирасида талқин қилиниб, унинг умумий цивилизацион илдизларини ўрганишга етарлича эътибор берилмади.
1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан тарихни миллий манфаатлар ва ҳаққоний илмий ёндашув асосида қайта ўрганиш учун янги имкониятлар очилди. Бироқ, узоқ йиллар давомида шаклланган айрим қарашлар ва уларнинг асоратларини бартараф этиш осон кечмади.

Академик Азамат Зиё сўнгги 35 йил давомида ўзбек тарихчилик мактаби миллий ўзлигини қайта тиклаш, тарихий ҳақиқатни илмий асосда ёритиш ва халқаро майдонда ўз сўзини айтиш йўлида салмоқли натижаларга эришганини таъкидлади.
У ўз маърузасида Турон цивилизациясининг географик чегаралари, сиёсий ва иқтисодий асослари, ижтимоий ҳаёти, илмий ва маданий тараққиётига алоҳида тўхталди. Шунингдек, ушбу заминдан етишиб чиққан буюк алломалар ва тарихий шахсларнинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссаси, Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврларининг жаҳон цивилизацияси тарихидаги беқиёс аҳамиятини илмий далиллар асосида очиб беришга ҳаракат қилди.
Маърузанинг муҳим жиҳатларидан бири Турон тарихига фақат ўтмиш сифатида қарамаслик, балки уни бугунги авлоднинг миллий ўзлиги ва келажак тараққиёти билан боғлиқ муҳим маънавий асос сифатида англаш зарурлиги бўлди.

Академикнинг фикрича, Турон тарихини чуқур ўрганиш, тарихий манбаларни асраб-авайлаш, мавжуд илмий меросни янги тадқиқотлар билан бойитиш ва уни келажак авлодларга етказиш тарихчи олимлар зиммасидаги муҳим масъулиятдир. Бу борадаги илмий натижаларни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Турон цивилизацияси ғояси ва уни тизимли равишда илмий ўрганиш, халқаро илмий жамоатчиликка кенг танитиш ташаббуси конгресс иштирокчилари томонидан қизиқиш билан кутиб олинди.
Ташриф давомида академик Азамат Зиё Туркия Отатурк маданият, тил ва тарих юксак кенгаши раҳбари Дарё Ўрс ҳамда Турк тарихи жамияти раҳбари Ҳалук Селви билан ҳам учрашувлар ўтказди.
Мулоқотлар давомида туркий мамлакатлар тарихи, умумтуркий тарихий мерос ва Турон цивилизациясини илмий жиҳатдан ўрганиш, бу борадаги тадқиқотларни мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг натижаларини халқаро миқёсда ёритиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувлар очиқ ва амалий руҳда ўтиб, келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш, аниқ вазифаларни қамраб олган «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деган фикрга келинди.
Анқарадаги ушбу иштирок ва учрашувлар Турон цивилизацияси тарихини халқаро илмий муҳокама майдонига олиб чиқиш, туркий мамлакатлар ўртасида тарих соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда умумий тарихий меросни биргаликда ўрганиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА