Ўзбекистон Туркий илм-фан ўчоғига айланмоқда
Геосиёсий кескинлик таранглашган, ахборот таҳдидлари ва куч марказларининг таъсири ошиб бораётган бугунги таҳликали шароитда туркий элларнинг сиёсий нуқтаи назарини ягона, яхлит махражга келтириш, ҳар қандай хавф-хатар олдида бир мушт бўлиб бирлаша олиш ҳиссини умумтуркий манфаатларимизга уйғун равишда кучайтириб бориш ниҳоятда муҳим саналади.
Туркий халқларнинг элсеварлик руҳияти, бир илдиздан ўсиб чиққанлик ғояси, умумтарих, муштарак қадриятлар, умумий дунёқараш, туркий дунё ёшлари тафаккурининг тарихий илдизларига уйғун бўлиши масалалари уйғоқ руҳли сиёсат арбобларини доимо ўйлантириб келмоқда.
Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбари Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг барча олий даражадаги йиғинларида ижтимоий, маданий, гуманитар соҳада - туркий тарих, муштарак ёзма мерос, буюк аждодларимиз фаолияти тарғиботи билан боғлиқ ўнлаб ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Чунончи, яқинда 7 октябрь куни ТДТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Габала шаҳрида ўтган йиғилишида юртбошимиз 2025-2026 йилларда мамлакатимиз 100 дан ортиқ таълим муассасаларини бирлаштирган Туркий университетлар иттифоқига раислик қилишини ҳамда Ўзбекистон раислик даврида "Туркий илм-фан ва инновациялар кунлари"ни ўтказиш юзасидан таклифларини бердилар.
Ана шу ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида 16 октябрь куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Туркий давлатлар ташкилоти, Тошкент халқаро университети ҳамда Ўзбекистон миллий медиа бирлашмаси билан ҳамкорликда “Алп Эр Тўнга авлодлари – Қорахонийлар: Туркий дунё ва Ислом олами Қорахонийлар даврида” мавусидаги халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Туркий улуслар ва уларнинг давлатчилиги такомилида Қорахонийлар давлати фавқулодда муҳим ўрин тутади. Бу сулола ҳукмронлиги Турон тупроқларида дастлаб VIII юз йилликнинг 40 йилларидан бошлаб Турк хоқонлигининг узвий давоми ўлароқ Қарлуқ давлати сифатида кейинчалик, қарлуқ, чигил, яғмо қабилалари сингари ўнлаб туркий уруғларни бирлаштирган, марказлашган туркий салтанатни барпо этиб, ўзларини “Қорахон” - яъни “Буюк хон” деб аташган.
Уларнинг ҳукмронлиги IX–XIII асрлар мобайнида Шарқдаги уйғониш – биринчи ренессанс даврига тўғри келиб, унда давлат бошқаруви, мафкура, дин, халқаро муносабатлар, меъморчилик, шаҳарсозлик, илм-фан ва таълим ривожланган. Айниқса, туркий тил юксак мақомга кўтарилди. Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий, Аҳмад Яссавий, Аҳмад Югнакий каби буюк алломалар ўлмас асарлар яратди. Қорахонийлар даврида амалда бўлган “хоқония туркийси” адабий тили барча туркий халқлар учун бирлаштирувчи тил вазифасини ўтаб берди; кейинги давр туркий тилларининг ривожида юксалиш нуқтаси бўлиб хизмат қилди.
Шу нуқтаи назардан, бу давр барча туркий элларнинг туркшунослари учун умумий тарих, муштарак ёзма мерос, туркий ислом дунёқарашини ўрганиш борасида битмас-туганмас, адоғсиз манба бўлиб хизмат қилади.
Анжуман ишида ТДТ бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, Туркий академия президенти Шаҳин Мустафаев сингари мартабали меҳмонлар қатнашиб, улуғвор туркий давлатчилик тарихининг теран илдизларини чуқурроқ англаш ва илмий асосда тўлақонли ўрганиш бугунги туркологиянинг эҳтиёжи ҳамда илмий зарурати эканлигини қайд этишди.
Илмий йиғинда қорахонийлар даври тарихи, тили, адабиёти, давлат бошқаруви, сиёсати, мафкураси бўйича 100 га яқин юртимиз ва хорижлик етакчи билим кишилари - туркшунослар ўз чиқишлари билан қатнашди.
Улар қорахонийлар даври тарихи, давлатчилиги ва бошқаруви, қорахонийлар даврида илм-фан, маданият, қорахонийлар даврида тил ва адабиёт, туркий ислом маданиятининг юзага келишида қорахонийларнинг ўрни ҳамда Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарини ўрганишнинг долзарб масалаларига бағишланган кенгашларда сўнгги йилларда қўлга киритган янги илмий натижалари билан ўртоқлашдилар.
Қорахонийлар давлати ўз тарихини улуғ хоқон Алп Эр Тўнга билан боғлаган, ўзларини «Оли Афросиёб» («Алп Эр Тўнга оиласи») деб атаганлар. Ана шуни кўзда тутиб, анжуман доирасида қорахонийлар даври тарихи ва маданий меросни оммалаштириш орқали туркий давлатлардан сайёҳларни жалб қилиш ҳамда у билан боғлиқ масканларни “Табаррук зиёрат” лойиҳасига қўшиш мақсадида “Табаррук зиёрат лойиҳасини ривожлантириш ва Алп Эр Тўнга” мавзусида давра суҳбати ҳам ташкил этилди. Унда туризм соҳаси вакиллари иштирок этди.
Анжуман мақсадларидан келиб чиқиб якунда қуйидаги вазифалар устувор этиб белгиланди:
Қорахонийлар даври умумий тарих, муштарак ёзма мерос, туркий давлатчилик ўтмишини тадқиқ этиш йўналишида ТДТга кирган мамлакатларнинг туркшунослари учун устувор тадқиқот мавзулари сифатида белилгиланди.
Алп Эр Тўнга (Афросиёб) авлодлари Қорахонийлар: “Туркий дунё ва Ислом олами Қорахонийлар даврида” мавзуисидаги халқаро илмий-амалий анжуманнинг туркий ўзликни шакллантиришдаги аҳамиятидан келиб чиқиб уни ҳар икки йилда бир маротаба анъанавий равишда ўтказиб боришга келишиб олинди.
Қорахонийлар даври тарихи, давлатчилиги, бошқаруви, илм-фани, маданияти, тил ва адабиёти, ёзма ёдгорликларини тадқиқ этиш бўйича устувор йўналишлардан келиб чиқиб ҳамкорликда илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди, унинг Тошкент давлат шарқшунослик университетида фаолият юритиши маъқулланди.
Улуғвор туркий давлатчилик тарихининг теран илдизларини чуқурроқ англаш ва илмий асосда тўлақонли ўрганиш эҳтиёжидан келиб чиқиб келгусида Турон-Туркистон давлатчилигини юксалтирган туркийларнинг ёвқур ўғлони, буюк давлат арбоби, сиёсий иқтидор эгаси Алп Эр Тўнганинг фаолияти ва амалга оширган ишлари масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Анжуман доирасида ўтказилган Алп Эр Тўнга шахсияти ва фаолиятига бағишланган соҳа бўйича етакчи мутахассисларнинг давра суҳбати натижаларига кўра Алп Эр Тўнга тимсолини минтақанинг туризм брендига айлантириш ҳамда Бухоро шаҳрида унга аталган ёзув лавҳаси (битиг тош) ўрнатиш юзасидан ТДТ котибияти тавсиясига кўра ТДШУ олимлари ва ЎзР ФА мутахассислари ҳамкорликда яратган матн тавсия этилди.
Умуман, бу каби илмий йиғинларнинг Тошкентда ўтказилаётгани Ўзбекистоннинг дунё туркологияси марказларидан бирига айланиб бораётганини, маданий-маърифий йўналишлар, туркий тилларни ўқитиш, ёзма мерос ва қадимги қўлёзмаларни тизимли ўрганиш, уларни илмий муомалага киритиш, илмий шарҳланган таржималарни тайёрлаш соҳалари бўйича мамлакатимиз туркий давлатлар орасида етакчилик мақомида эканлигини кўрсатади. Шунингдек, ўтмиш аждодларимизнинг туркий элларни юксалтиришдаги қаҳрамонликлари орқали туркий заминга муҳаббатни ошириш, туркий илдиз бирлиги ғоясини илгари суриш, элу юртга содиқлик, умуман, тарихга янгича қараш концепцияси асосида мафкуравий бирликни тарғиб этиш имконини яратади.
Қудратулла ОМОНОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик
университети биринчи проректори, проф.