Ўзбекистон тиббиёт муассасаларига ишга кираётган хорижлик шифокор ва ҳамшираларнинг ҳужжатлари асл манбалар орқали текширилади
Тиббиёт соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, маҳаллий ва хорижлик мутахассисларнинг малакасини халқаро меъёрлар асосида баҳолаш ҳамда тизимда корпоратив шаффофликни таъминлаш мақсадида жаҳоннинг етакчи ташкилотлари билан стратегик шериклик алоқалари ўрнатилмоқда.
Бунинг амалий ифодаси сифатида, Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Жалолиддин Асамутдинов юртимизга ташриф буюрган “DataFlow Group” бош ижрочи директори Сунил Кумар бошчилигидаги делегация аъзолари билан расмий учрашув ўтказди.
Самимий ва конструктив руҳда ўтган мулоқот якунида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда профессионал малака ва ҳужжатларни халқаро даражада верификация қилиш, яъни уларнинг ҳақиқийлигини текшириш ва тасдиқлаш бўйича жаҳонда етакчи тузилмалардан бири ҳисобланган “DataFlow Group” ташкилоти ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ушбу тарихий келишувдан кўзланган асосий мақсад – юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган, шунингдек, хорижий давлатлардан Ўзбекистонга келиб ишлаш истагини билдираётган шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг малакавий ҳужжатларини халқаро стандартлар асосида текшириш ва тасдиқлаш тизимини самарали жорий этишдан иборат.
Учрашув давомида соҳа экспертлари томонидан алоҳида қайд этилганидек, бугунги кунда глобал миқёсда тиббиёт соҳасида халқаро миграция жараёнлари шиддат билан ортиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, хорижлик мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги, дипломлари, сертификатлари, лицензиялари ва иш тажрибасини бевосита ишончли бирламчи манбалар орқали синчковлик билан текшириш заруратини янада кучайтирмоқда.
Ушбу долзарб эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, икки томонлама ҳамкорлик доирасида бир қатор йирик қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш белгиланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати маълум қилди.

Мазкур ҳамкорлик дастурига кўра, хорижий давлатлардан келиб, Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида ишга кираётган шифокор ва ҳамшираларнинг ҳужжатлари бевосита улар таҳсил олган ёки малака оширган асл манбалар орқали текширилади. Тақдим этилган диплом, хорижий сертификат ва лицензияларнинг халқаро меъёрларга мослиги ҳамда ҳақиқийлиги қатъий назоратдан ўтказилиб, қалбаки ёки сохталаштирилган ҳужжатлар асосида тиббий фаолият юритиш, инсонлар ҳаётини хавф остига қўйиш ҳолатларининг олди тўлиқ олинади. Тизимга фақатгина юқори малакали ва қонуний ҳужжатларга эга мутахассислар жалб этилиши беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш хавфсизлигини кафолатлайди. Шу билан бирга, тиббиёт ходимларини лицензиялаш ва аттестациядан ўтказиш жараёнлари илғор хорижий амалиётлар асосида янада такомиллаштирилиб, соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар бошқаруви ва инсон ресурслари сиёсатининг шаффофлиги сезиларли даражада оширилади.
Умуман олганда, ушбу келишув соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларда халқаро комплаенс назорати, яъни қонунчилик ва халқаро стандартларга мувофиқликни назорат қилиш тизимини ривожлантиришда муҳим пойдевор бўлади. Натижада мамлакатимизда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати халқаро андозалар даражасига кўтарилади. Энг муҳими, тизимга жалб қилинаётган маҳаллий ва хорижлик мутахассисларнинг касбий салоҳиятини хорижий стандартлар асосида холис баҳолаш имконияти яратилади.
Имзоланган меморандум Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида халқаро стандартларни кенг жорий этиш, тиббий хизматлар хавфсизлиги ва сифатини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда соҳанинг кадрлар салоҳиятини янада юксалтириш йўлидаги энг муҳим ва стратегик қадамлардандир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА