Халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Германиянинг KfW IPEX-Bank GmbH Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ бўйича директори Екатерина Галицина билан учрашди.
Мазкур учрашув Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ташкил этилди.
Учрашув аввалида Ўзбекистонда сўнгги йилларда таълим тизимини модернизация қилиш, унинг сифат ва самарадорлигини ошириш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, томонлар таълим соҳасида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиб, янги қўшма лойиҳалар ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш, умумтаълим мактабларида немис тилини ўқитиш кўламини кенгайтириш, шунингдек, малакали мутахассисларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашув самимий ва конструктив руҳда ўтиб, икки давлат ўртасидаги таълим соҳасидаги шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳамда уни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Н.Усмонова, ЎзА