Ўзбекистон темир йўлларидаги янгиликлар кимнинг фойдаси учун бўляпти?
Президент ташаббуслари – амалда
Замон жуда тезлашиб кетди. Ҳар биримиз учун вақт, хавфсизлик ва хотиржамлик жуда муҳим бўлиб қолди. Йўлга чиққан одам манзилига соғ-саломат, тез етиб боришни истайди. Юртимиздаги транспорт тизими ҳам айнан шу мақсадда ўзгаряпти.
Оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қилиш энг катта мақсад саналади. Бугун темир йўлларда бўлаётган ўзгаришлар кўлами жуда катта. Бунинг замирида инсон қадри ётибди. Мақсад вилоятларни бир-бирига яқин қилиш, одамлар орасида меҳр ришталарини мустаҳкамлашдир.
Шу ўринда дунё тажрибасига қисқагина тўхталамиз. Темир йўли ривожланмаган юртда иқтисод ҳам, ҳаёт ҳам орқада қолади. Келинг, аввал бошқалар нима қилганини кўрайлик.

Масалан, Хитой охирги йилларда жуда катта тезюрар йўллар қурди. Улар фақат бой шаҳарларни эмас, балки энг чекка ва ривожланмаган қишлоқларни ҳам бир-бирига боғлади.
Германияда эса поезддан тушган йўловчи сарсон бўлмайди. Поездлар, автобуслар ва метро жадвали бир-бирига мосланган. Одамлар бир транспортдан иккинчисига бир неча дақиқада ўтиб кетади. Ортиқча вақт ҳам, асаб ҳам кетмайди.
Япониянинг тезюрар поездлари эса хавфсизликда дунёда биринчи ўринда туради. Бу поездлар туфайли чекка жойларда туризм гуллаб-яшнади. Одамлар дам олиш куни қишлоқларга бориб дам олади. Маҳаллий меҳмонхоналар ва ҳунармандлар яхшигина даромад топади.

Бизда ҳам худди шундай тизим яратиляпти. Нукус ва Хивагача борадиган тезюрар йўлларимиз Хитой тажрибасига ўхшайди. Янги бекатлар ва транспортларнинг бир-бирига уланиши эса Германия тизимини эслатади. Бу йўловчи сарсон бўлмаслиги, тирбандликлар камайиши учун қилинмоқда. Самарқанд, Бухоро ва Фарғона водийсига қатнайдиган янги поездларимиз эса Японияникидек ички туризмни жонлантиради. Одамларимиз ўз юртини кўпроқ айланадиган бўлади.
Албатта, бу натижалар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг ортида катта меҳнат ётибди. Президентимизнинг ўтган йилнинг 27 декабрида қабул қилинган “2030 йилга қадар темир йўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бунга асос бўлди. Қарор маҳаллий йўналишларда йўловчи ташишни яхшилашга қаратилган.
Мақсад 2030 йилгача йўловчилар сонини 10-11 миллиондан 23 миллиондан ортиққа етказишдир. Электропоезд йўналишлари ҳам 40 тадан 53 тага кўпаяди. Янгидан яна 30 та бекат қурилади ва чиройли қилиб жиҳозланади. Бунинг учун керакли маблағлар ҳам йўналтирилган.
Ҳозирнинг ўзида кўплаб янгиликлар бор. Масалан, Тошкент ва Хива ўртасида янги “Жалолиддин Мангуберди” поезди йўлга қўйилди. Одамларимиз бундан жуда хурсанд.
– Бу поездда 7 та вагон бўлиб, у 389 йўловчига мўлжалланган, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари“ АЖ бош муҳандиси Шарофиддин Қодиров. – У жуда чидамли қилиб ишланган. 50 даражали жазирама иссиқда ҳам, 40 даражали совуқда ҳам бемалол юра олади. Энг муҳими, пойтахтдан Хивагача бўлган 1022 километрлик йўл илгаригидек 14 соат эмас, балки атиги 7,5 соат вақт олади. Поезд йўл-йўлакай Самарқанд, Бухоро ва Урганчга ҳам тўхтайди.
Яқин йилларда яна кўплаб янги вагонлар ва замонавий поездлар сотиб олинади.
Янгиликлардан яна бири Фарғона водийсида бўлди. Қўқон, Наманган, Андижон ва Марғилон шаҳарларини боғлайдиган янги поезд қатнови бошланди. Ҳатто Президентимиз ҳам 27 апрель куни оддий одамлар билан бирга шу поездда Қўқондан Марғилонгача юрдилар.
Водийда аҳоли жуда зич яшайди. Бу янгилик уларга катта енгиллик берди. Муҳими, 324 километрлик бу темир йўл ҳалқаси водий аҳли ва меҳмонлари учун янги имконият эшигини очди.
Эътиборлиси, ушбу олти вагонли, 586 ўринли поезд ўзимизнинг заводда ишлаб чиқарилган. У соатига 120 километргача тезликда юра олади. Йилига қарийб 600 минг йўловчини ташишга қурби етади.
– Чипта нархи 15 минг сўмлиги бизга жуда маъқул келди, – дейди йўловчи Гуласал Нуриддинова хурсанд бўлиб. – Ичи жуда салқин, қишда эса иссиқ бўларкан. Бепул Wi-Fi ва телефон қувватлагичлар бор. Ҳатто велосипедлар учун ҳам алоҳида жой қилишибди. Янги йўл водийда туризмни ривожлантиришига ишонамиз. Станциялар атрофида янги меҳмонхоналар, ошхоналар очилади. Бу қанчадан-қанча одамга иш ўрни деганидир.
Янги поездлар автомобиль йўлларини тирбандликдан қутқаради. Иссиқ кунларда йўлларда асабийлашиб ўтириш камаяди. Энг муҳими, ҳавомиз тоза бўлади. Зарарли газлар камайиб, соғлиғимиз асралади.
Яна бир хушхабар. Яқинда Тошкент ва Сирдарё вилоятларини боғловчи янги темир йўл қурилиши бошланди. Бу йўлнинг узунлиги 110 километр. У Нурафшон, Пискент, Бўка, Бекобод, Боёвут ва Янгиер шаҳарларидан ўтади.
Бу ерда 4 та янги бекат, 21 та йўл ўтказгич ва 6 та кўприк қурилади. Ушбу лойиҳа икки қўшни вилоят аҳолисини бир-бирига янада яқин қилади.
Хўш, темир йўлларимиздаги бу катта янгиланишлар, миллиардлаб маблағлар ва тинимсиз меҳнат аслида кимнинг фойдаси учун?
Жавоб жуда оддий. Буларнинг бари йўлга чиққан оддий одамлар учун. Поезд вагонларида иссиққина ва хавфсиз кетаётган онахон, чипта пули тежалганидан суюнган талаба, маҳсулотини бозорга тезроқ етказган деҳқону тадбиркор учун.
Зеро, йўлимиз яқинлашгани кўнглимиз яқинлашганидир. Оғиримиз енгил, манзилимиз хавфсиз бўлса, уйимизга ҳам, юртимизга ҳам барака киради. Темир йўллардаги бу катта ислоҳотларнинг энг катта фойдасини ҳам, роҳатини ҳам айнан ўзимиз кўрамиз. Энг муҳими ҳам аслида шу.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири