Ўзбекнинг ҳақиқий арслон ўғлони ҳақидаги фильм
Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида «Ўзбек арслони» бадиий фильмининг тантанали премьераси бўлиб ўтди.
Фильм томошабинлар, санъат ихлосмандлари ҳамда кино соҳаси вакиллари томонидан илиқ кутиб олинди. Премьера давомида фильм ижодкорлари, актёрлар ва меҳмонлар иштирок этиб, ушбу тарихий асарнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр алмашди. Ушбу картина мамлакатимизнинг турли ҳудудлари, ҳарбий қисмлари, олий ўқув юртларида ҳам муваффақиятли намойиш этилгани эътиборга молик.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев фильмнинг тарихий ва маънавий аҳамияти ҳақида алоҳида гапирди.

Мазкур картина Кинематография агентлиги буюртмасига биноан, “Ўзбекфильм” ҳамда “Cinema of Central Asia” ижодий тузилмалари ҳамкорлигида суратга олинган.
Фильм Иккинчи жаҳон уруши даврида жасорати, матонати ва фидойилиги билан тарихда ўчмас из қолдирган Мамадали Топиволдиев ҳаётига бағишланган бўлиб, унда инсонийлик, дўстлик ва ватанпарварлик, юртга садоқат ғоялари чуқур ёритилган.

“Ўзбек ўғлони” — Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги давр фонида кечадиган, жасорат, инсонпарварлик ва масъулият ҳақидаги драматик тарихий фильм. Асар марказида оддий қишлоқ йигити Мамадали Топиволдиевнинг тақдири туради. У фронтда фидойилик кўрсатиб, душман ортидаги хавфли операцияларда қатнашади, оғир яраланса-да, иродаси, бурч ва масъулияти туфайли тирик қолади ва партизанлар сафида “Казбек” лақаби билан афсонага айланади.
Фильмда унинг жанг майдонидаги жасорати билан бир қаторда, инсонлар ўртасидаги самимий муносабатлар — Ваня Рильков билан дўстлиги, бегоналар орасида ҳам она меҳрини топиши каби ҳолатлар жуда таъсирчан очиб берилади.

Урушдан қайтгач, Мамадали тинчликнинг ҳақиқий қийматини англаган ҳолда қишлоқ ҳаётини тиклашга бел боғлайди. Колхоз раиси сифатида у фақат иқтисодий эмас, маънавий юксалиш — мактаблар, клублар қуриш, одамларга умид бериш учун курашади. Бироқ у янги “майдон”да — шубҳа, ҳасад ва адолатсизликка қарши ҳам жанг қилишга мажбур бўлади.
“Ўзбек ўғлони” бу - нафақат уруш қаҳрамони ҳақидаги ҳикоя, балки тинчлик учун ҳам кураш тугамаслигини, ҳақиқий ғалаба инсон қалби ва жамиятни тиклашда эканини кўрсатадиган таъсирчан драма.
Мамадали Топиволдиев Иккинчи жаҳон уруши даврида Беларусда жанг қилган машҳур ўзбек партизани, чин маънода юрт қаҳрамони эди. У Беларусда разведкачи сифатида кўрсатган жасоратлари билан танилган.
Гитлерни даҳшатга солган бу ўзбек ўғлони 1919 йил 20 сентябрда Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги Пандигон қишлоғида таваллуд топган. 1939 йилда армияга чақирилган. Уруш бошланганда Бобруйск шаҳрида (Беларусь) хизмат қилган.
Урушнинг илк кунларида унинг ҳарбий қисми қуршовда қолади. Топиволдиев Борисов шаҳри яқинида асирликдан қочиб, маҳаллий аҳоли ёрдамида омон қолади ва партизанлар сафига қўшилади.
Мамадали партизанлар бригадасининг махсус отрядида разведка бўлинмаси командири бўлган. Уни тоғликлар каби чаққонлиги учун «Казбек» деб аташган. Мамадали Топиволдиев кўплаб фашистларни йўқ қилган, 5 та эшелонни портлатган ва немис генералини асир олган.
Мамадали Топиволдиев ўзбек ва беларусь халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи ҳисобланади. Беларусда унга атаб ёдгорликлар ўрнатилган ва музейларда унинг буюмлари сақланади.
Ўзбекистон ва Беларусь киноижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинган ушбу фильм Мамадали Топиволдиевнинг жасоратига бағишланган йирик лойиҳадир. Сценарий муаллифлари – Акбар Бектурдиев, Жўрабек Рўзметов, Игорь Костеченко, постановкачи режиссёр – Акбар Бектурдиев. Постановкачи оператор – Ҳусан Алижонов, постановкачи рассом – Акмал Саидов. Иккинчи режиссёр – Баҳриддин Айназаров, бастакор – Убайдулло Каримов. Бош роль ижрочиси – машҳур актёр Улуғбек Қодиров. Фильмда шунингдек, Дирк Мартенс (Германия), Фотиҳ Насимов, Лола Усмонова, Адҳам Акрамов, Илҳом Содиқов, Фарҳод Худойбердиев ва бошқа актеёрлар ролларни ижро этган.
“Ўзбек арслони” фильми томошабинларда катта таассурот қолдириб, жасорат, фидойилик ва Ватанга муҳаббат туйғуларини мустҳакамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Бу фильм тарихга эҳтиром ва қаҳрамонлар хотирасига бағишланган юксак санъат асаридир.
Фильм премьерасига бағишланган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири