Молия тизими келажаги: Ислом молияси ва яшил иқтисодиёт устувор йўналиш
Банк-молия академиясида яшил ва Ислом молияси орқали молиявий оммабоплик ва барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Мутахассислар келажак молиясини белгиловчи муҳим йўналишларни кўриб чиқди.
Республика илмий-амалий анжуманида академия раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, олимлар, давлат ташкилотлари ва молия муассасалари вакиллари иштирок этди. Тадбир иштирокчилари замонавий молия тизими нафақат иқтисодий самарадорлик, балки экологик масъулият, ижтимоий адолат ва узоқ муддатли барқарорликни ҳам таъминлаши зарурлигини таъкидлади.
Зеро, яшил иқтисодиётга ўтиш, муқобил молиялаштириш манбаларини ривожлантириш ва аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланишини кенгайтириш жаҳон молия тизимининг асосий устувор йўналишларидан бирига айланди.

-Бугун биз хориж тажрибаларини ўрганиб, молия соҳаси олимлари билан таҳлил қилдик, - дейди Банк-молия академияси проректори Машҳурбек Жалолов. - 2025 йилдаги Ислом молия кенгаши маълумотларига кўра, уларнинг жаҳондаги активлари 4,4 триллион АҚШ долларига етиб, 13 фоиздан ошган. Аҳолини банк хизматлари билан кенгроқ қамраб олиш мақсадида Ислом молияси ва банкини юртимизда ривожлантириш нақадар муҳимлиги бугунги анжуманда атрофлича ёритиб берилди. Анжуман якунида барча кўтарилган масалалар бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилади.

Мажлисда ислом молия институтларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Маърузачилар икки поғонали шариат бошқаруви, Марказий банк ҳузуридаги Ислом молия кенгашининг роли ҳамда молиявий фаолиятда шариат тамойилларига риоя қилишни таъминлаш механизмларини муҳокама қилди. Шунингдек, унинг тамойилларини рақамли муҳитга татбиқ этиш ва рақамли технологиялар билан уйғунлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Муҳокамалар марказида углерод савдоси механизмлари орқали яшил лойиҳаларга маблағ жалб қилиш, инновацион лойиҳаларнинг инвестицион жозибадорлигини баҳолаш, шунингдек, нефть-газ соҳасида экологик ечимларни жорий этиш самарадорлиги масалалари бўлди.
Сессияларда молиявий хизматлардан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган муҳим масалалар муҳокама этилди. Жумладан, қимматли қоғозлар бозорида жисмоний инвесторлар иштирокини ошириш, суғурта компанияларининг институционал инвестор сифатидаги ролини кучайтириш ва акциядорлик жамиятларида молиявий бошқарув самарадорлигини ошириш йўллари кўриб чиқилди. Шунингдек, рақамли трансформациянинг инвестицион жозибадорликка таъсири, саноат корхоналари рақобатбардошлигини оширишда замонавий технологиялардан фойдаланиш ва туризм соҳасини рақамлаштириш мавзуларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ижтимоий суғурта тизимининг камбағалликни қисқартиришдаги салоҳияти ҳамда тадбиркорларнинг давлат харидларидаги иштирокини рағбатлантириш масалалари ҳам кун тартибида бўлди. Тадбирнинг асосий аҳамияти шундаки, унда нафақат илмий ёндашувлар, балки соҳадаги реал эҳтиёжлар ва амалий муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Бу эса назария ва амалиётни яқинлаштириб, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш учун муҳим майдон яратди.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА