Ўзбекистон самбочиларининг муваффақияти
Жорий йилнинг 28-29 август кунлари Кипр давлатининг Ларика шаҳрида соҳил(пляж) самбоси бўйича ўтказилган жаҳон чемпионати якунланди.
Илк бор ўтказилаган мазкур чемпионатда ўғил болалар 58 кг, 71 кг, 88 кг, +88 кг.да баҳслашган бўлса, хотин-қизлар 50 кг, 59 кг, 72 кг, +72 кг.да қум устидаги самбо беллашувларида иштирок этишди.
Жаҳоннинг 15 га яқин давлатларидан спортчилар иштирок этган мусобақада ҳамюртларимиздан 88 кг вазн тоифасида Ойбек Дўстмуродов муносиб натижага эришди. У саралаш беллашувларини муваффақиятли ўтказиб, соҳил самбоси бўйича жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди, дея хабар берди жаҳон чемпионати бош ҳаками, ҳамюртимиз Ислом Одилов.

Жамоалар ўртасидаги баҳсларда эса Ўзбекистон терма жамоаси саралаш мусобақаларида барча рақибларидан устун келди. Фақат ярим финал мусобақасида россиялик рақибларига йўл берган ҳолда умумжамоа ҳисобида Руминия самбочилари билан бирга 3-ўринни эгаллади. Россия ва Украина терма жамолари биринчи ва иккинчи ўринлардан жой олди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА