Рақамли трансформация даврида хавфсизлик
Самарқанд шаҳрида Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлар мулоқоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар билан бирга, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мақомидаги мамлакатлар – 24 давлат махсус хизматларининг раҳбарлари ҳамда вакиллари, 5 та халқаро ташкилот масъуллари, нуфузли меҳмонлар иштирок этди.

Қайд этиш лозим, мазкур форматни йўлга қўйиш ташаббуси илк бор Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йилда ШҲТнинг Остона шаҳридаги саммитида билдирилган эди. 2025 йилда Тяньцзинда бўлиб ўтган Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида биринчи экспертлар мулоқотини Самарқандда ўтказиш таклифи илгари сурилганди.
Шу тариқа 5-6 ноябрь кунлари қадимий ва ҳамиша навқирон кентда “Рақамли трансформация даврида хавфсизлик: янги технологиялар ривожланишини ҳисобга олган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш” мавзусида Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлар мулоқоти ўтказилди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро мулоқот қатнашчиларига мурожаатини Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. Маҳмудов ўқиб эшиттирди.

Давлатимиз раҳбари мурожаатида ҳозирги кунда геосиёсий кескинликнинг кучайиши, қарама-қаршиликларнинг чуқурлашиши ва қуролли можароларнинг авж олиши, дунёдаги вазиятнинг асосий хусусиятлари бўлиб қолаётгани қайд этилган. Бундай шароитда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш ва давлатнинг бузғунчи таъсирларнинг янгича шаклларига нисбатан барқарорлиги масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда. Таъкидланганидек, бугун ҳеч бир давлат чегара билмайдиган таҳдидларга якка ўзи тўлиқ қарши тура олмайди. Бу эса, табиий равишда, халқаро ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва биргаликда иш олиб боришнинг амалий механизмларига бўлган талабни кучайтиради.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари генерал-полковник Б.Қурбонов раислигида ўтказилган учрашувда хорижий давлатлар делегациялари раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари ўз фикрларини билдирдилар.
Дастлаб, мамлакатимиз Хавфсизлик хизмати раҳбари иштирокчилар эътиборини террорчилик ва экстремистик ташкилотлар ўз мафкурасини тарқатиш, тарафдорларни ёллаш, терактларни молиялаштириш, уларга тайёргарлик кўриш ҳамда амалга оширишда рақамли технологиялардан фаол фойдаланаётганига қаратди. Шунингдек, рақамли трансформация даврида хавфсизликни таъминлаш бўйича устувор йўналишларга тўхталди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Нурлан Ермекбаев ўз сўзида ушбу форумнинг ўтказилишига оид ташаббусни илгари сургани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Таъкидланганидек, бундай форматдаги ҳамкорлик кенг кўламли инклюзив халқаро шерикликни шакллантиришга хизмат қилади.

ШҲТ Бош котиби 2026 йил сентябрь бошида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Бишкек саммитида қабул қилинган муҳим қарорларга алоҳида тўхталди. Жумладан, ушбу саммитда ШҲТга аъзо давлатларнинг хавфсизлигига таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича Универсал марказ ҳамда ШҲТ Наркотикларга қарши курашиш маркази Ижроия қўмитаси тўғрисидаги низомлар тасдиқланган эди. Шунингдек, 2030 йилгача мўлжалланган гиёҳвандликка, синтетик наркотиклар ва уларнинг прекурсорлари тарқалишига қарши курашиш бўйича дастурлар қабул қилинди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари вазифасини бажарувчи, БМТ Терроризмга қарши курашиш бошқармаси раҳбари Александр Зуев ушбу форматдаги мулоқот нафақат ШҲТга аъзо ёки унда кузатувчи давлатлар, балки бошқа иштирокчилар учун ҳам янги таҳдидларни баҳолаш борасида тажриба алмашиш, миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва барқарор профессионал тармоқларни яратишга хизмат қилувчи амалий ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилишини таъкидлади.
– Ўзбекистон Республикаси ва унинг раҳбарияти томонидан халқаро хавфсизлик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш борасидаги ишлар эътиборга сазовор, – дейди Александр Зуев. – Бу ҳақда гапирганда, мен Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 80- сессиясида илгари сурган, бевосита, мен раҳбарлик қилаётган бошқарма билан боғлиқ муҳим икки ташаббусини алоҳида қайд этишни истардим. Жумладан, Президент жаноблари Ўзбекистонда БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини очиш таклифини билдирган эди. Биз бу ташаббусни тўла қўллаб-қувватлаймиз ва бунинг учун ёрдам беришга доим тайёрмиз. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган ташаббус асосида Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс экспертлар мулоқоти ташкил этилиши ҳам бугун жуда долзарб деб ўйлайман. Мулоқотнинг фақат ШҲТ давлатлари билан чекланмай, унга бошқа мамлакатлар махсус хизматлари, бошқа халқаро ташкилотлар ҳам жалб этилгани глобал хавф ва таҳдидларга қарши курашишда биргаликда ҳаракат қилиш, кучларни бирлаштириш муҳимлигини намоён этади.
[gallery-32383]]
Учрашув пленар мажлис шаклида ўз ишини давом эттирди. Унда миллий тажрибаларни ўрганиш, самарали ҳамкорлик механизмларини жорий этиш, рақамли маконда террорчилик фаолиятига чек қўйиш, экстремизм ва радикализм ғояларини тарқалишининг олдини олишга қаратилган таъсирчан воситаларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар “ШҲТ плюс” форматининг экспертлик ёндашувларини яқинлаштириш, амалий тажриба алмашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда очиқ майдон сифатидаги салоҳиятини қайд этди.
Делегациялар раҳбарлари биринчи мулоқот якунлари бўйича қўшма коммюнике қабул қилдилар. Ҳужжатда янги технологияларнинг террорчилик таҳдидларига таъсири юзасидан тадқиқотлар ўтказиш, самарали профилактика тажрибалари шарҳларини тайёрлаш, шунингдек, муайян мавзуларга бағишланган семинарлар ва малака ошириш дастурларини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари