Ўзбекистон-Польша: Тоғ-кон соҳасидаги шерикликнинг янги йўналишлари кўриб чиқилди
Мамлакатимиз геология ва тоғ-кон саноатида халқаро шерикликни кенгайтириш, соҳага замонавий технологиялар ҳамда инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу мақсадларга хизмат қиладиган навбатдаги учрашув Польша Республикаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова ҳамда Польша Республикасининг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили Мариан Пшездзецкий икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва уни амалий мазмун билан бойитиш юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар давомида геологик қидирув ишларига илғор технологияларни жорий этиш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда икки мамлакат мутахассислари ўртасидаги амалий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг сентябрь ойида Польшанинг Катовице шаҳрида бўлиб ўтадиган “Future Mining Forum & Expo” ҳамда Тошкент шаҳрида режалаштирилган “GEOMIN-2026” халқаро форумларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар мазкур тадбирлар янги шериклик алоқаларини ўрнатиш, инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва истиқболли қўшма ташаббусларни илгари суриш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида ҳамкорликни изчил давом эттириш, тўғридан-тўғри ишчи алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди. Шунингдек, жорий йилда Польша тоғ-кон компаниялари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида вазирлик раҳбарияти иштирокида алоҳида учрашув ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА