Ўзбекистон Омбудсмани Варшавада ўзбекистонлик ёшлар билан учрашди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова Варшава шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасида ўзбекистонлик ёшлар билан учрашди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Ёшларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантириши учун яратилаётган шароитларга эътибор қаратилди.
Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ўрни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари ҳамда хориждаги ватандошлар билан мулоқотни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Ташриф давомида «Инсон ўлчови бўйича Варшава конференцияси» доирасида «Тенгликни таъминлаш механизмлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни мустаҳкамлаш: инклюзив жамиятни шакллантиришда ЕХҲТнинг жойлардаги миссиялари тажрибаси» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Феруза Эшматова маъруза билан иштирок этди.

Омбудсман ўз нутқида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликка киритилган ўзгартишлар ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги давлатнинг позициясига алоҳида тўхталиб ўтди. Омбудсман институти фаолиятининг такомиллаштирилгани, шунингдек, қийноқларнинг олдини олишга қаратилган Миллий превентив механизм жорий этилгани батафсил очиб берилди.
Давра суҳбати иштирокчилари камситишнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг эҳтиёжманд гуруҳлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, миллий институтларнинг мустақиллиги ва фаолияти самарадорлигини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашди.
Н.Абдураимова,
ЎзА