Ҳамкорлик тажриба алмашувдан бошланади
Фарғона ва Сирдарё вилоятларини нафақат ҳудудий, балки тарихий ва маънавий яқинлик ҳам боғлаб туради. Бир вақтлар Фарғонадан кўплаб оилалар чўл ҳудудларини ўзлаштириш мақсадида Сирдарёга кўчиб бориб, шу ерда муқим яшаб қолган. Бугун ҳам икки вилоят аҳли бир-бирининг ютуқларидан қувонади, илғор тажрибаларни ўзаро ўртоқлашади. Бундай ҳамкорлик, айниқса, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни кунларда Сирдарё вилояти туман ва шаҳарларидаги Оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари ҳамда бир гуруҳ тадбиркорлар Фарғона вилоятида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган илғор тажрибалар, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар билан танишмоқда.
Учрашув доирасида меҳмонлар Фарғона шаҳридаги “Машъал” маҳалласида фаолият юритаётган тадбиркор Тоҳиржон Абдусамадовнинг инновацион лойиҳаси билан танишдилар.
Тадбиркор 2020 йилда “стартап” лойиҳаси асосида кўп қаватли турар жой биноларининг ертўласида 80 турдаги шифобахш кўкатлар етиштириш фаолиятини йўлга қўйган. Лойиҳа натижасида 50 та янги иш ўрни яратилган. Айни пайтда тадбиркор вилоятдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномаларини тузган ҳолда, етиштирилаётган маҳсулотлар бўйича илмий изланишлар олиб бормоқда.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА