Ўзбекистон нутрицевтика соҳасида халқаро эътирофга сазовор бўлди
Бугунги кунда тиббиёт нафақат касалликни даволаш, балки унинг олдини олиш — профилактика йўналишига жиддий эътибор қаратмоқда. Бу борада эса нутрицевтика соҳаси етакчи ўринга чиқди. Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли тадбир ва унда Ўзбекистоннинг юқори мукофот билан тақдирланиши мамлакатимизнинг ушбу стратегик йўналишда тўғри йўлдан кетаётганининг исботидир.
Ҳиндистонда «Nutrify Today Academy» томонидан таъсис этилган халқаро «Ipak Yo‘li NutraPharma Corridor Laureate 2026» мукофотининг Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига топширилиши, ўзбек фармацияси тарихидаги янги саҳифани очиб берди.
Кўпчилик учун бу атама янги туюлиши мумкин. Оддий тил билан айтганда, нутрицевтика — бу овқатланиш (нутритсион) ва фармакология (фармацевтика) фанларининг туташган нуқтаси. Бунга инсон организми учун зарур бўлган табиий озиқ-овқат компонентлари, шифобахш гиёҳлар экстрактлари, витаминлар, минераллар ва биологик фаол қўшимчалар (БФҚ/БАД) киради. Улар кимёвий дори воситаси эмас, балки табиий хом ашёдан тайёрланган ва касалликларнинг олдини олиш, иммунитетни ошириш ҳамда ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилувчи воситалардир.
Жаҳон бозорида нутрицевтика маҳсулотларига бўлган талаб геометрик прогрессия билан ўсмоқда. Инсонлар кимёвий дориларнинг ножўя таъсиридан қочиб, кўпроқ табиий ва хавфсиз воситаларга интилмоқда. Бу тренднинг ҳам иқтисодий, ҳам тиббий фойдаси жуда юқори. Нутрицевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш анъанавий кимёвий дориларга қараганда камроқ вақт ва харажат талаб қилади, бироқ уларнинг бозордаги тижорий жозибадорлиги катта. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида нутрицевтика маданиятининг ривожланиши сурункали касалликлар (юрак-қон томир, қандли диабет, семизлик) сонини кескин камайтиради ва давлатнинг соғлиқни сақлашга ажратадиган бюджетини тежашга ёрдам беради.
Халқаро тажрибага назар ташласак, АҚШ, Япония ва Европа Иттифоқи мамлакатлари нутрицевтика бозорида яққол етакчилик қилаётганини кўрамиз. Масалан, Японияда аҳолининг 90 фоиздан ортиғи кундалик ҳаётида турли нутрицевтик воситалардан фойдаланади. Бу ушбу мамлакатда ўртача умр кўриш кўрсаткичининг юқорилигига (84 ёшдан баланд) бевосита таъсир этувчи омиллардан бири сифатида кўрилади. Ҳиндистон эса ўз навбатида анъанавий Аюрведа тиббиётини замонавий технологиялар билан бирлаштириб, глобал нутрицевтика хабига айланмоқда. Ўзбекистоннинг айнан ушбу йўналишда «Ипак йўли» коридори доирасида тақдирланиши, мамлакатимизнинг Шарқ ва Ғарб ўртасидаги нутрицевтик кўприкка айланиш салоҳиятини англатади.
Бугунги кунда Ўзбекистон нутрицевтика соҳасини ривожлантириш учун улкан имкониятларга эга. Мамлакатимиз ҳудудида 2000 дан ортиқ доривор ва фойдали ўсимлик турлари мавжуд бўлиб, уларнинг юзлаб турлари ноёб шифобахш хусусиятларга эга. Мукофотни қабул қилиш маросимида Агентлик директори Абдулла Азизов таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбари бошчилигида соҳада тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Инвестиция муҳитини яхшилаш, маҳаллийлаштириш дастурлари ва янги инновацион технологияларни жорий этиш шулар жумласидандир.
Бу борада, айниқса, илм-фан, таълим, ишлаб чиқариш ва клиник тадқиқотларни ўзида бирлаштирган "BioPharma City" фармацевтика кластери лойиҳаси муҳим драйвер бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу кластер маҳаллий шифобахш гиёҳларимизни чуқур қайта ишлаб, халқаро стандартларга мос келувчи тайёр нутрицевтик маҳсулотлар ҳолида жаҳон бозорига олиб чиқиш имконини беради.
«Ipak Yo‘li NutraPharma Corridor Laureate 2026» мукофоти Ўзбекистоннинг замонавий тиббиёт ва фармацевтика экотизимини шакллантириш йўлидаги қатъий қадамлари, Осиё ва Европа ўртасидаги илмий, технологик ва саноат ҳамкорлигини ривожлантиришдаги ролининг дунё ҳамжамияти томонидан тан олинишидир. Маҳаллий табиий ресурслар ва замонавий илм-фан уйғунлиги яқин йилларда Ўзбекистонни нафақат минтақавий, балки глобал нутрицевтика бозорининг муҳим иштирокчисига айлантиришига шубҳа йўқ.
Моҳигул Қосимова, ЎзА