Ўзбекистон маданияти яна бир бор дунё эътиборида
Истанбул шаҳрида тўрт кун давом этган 8-Этноспорт маданият фестивали якунланди. Халқаро Этноспорт конфедерацияси томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли анжуман бу йил ҳам минглаб меҳмонлар – спортчи, санъаткор ва сайёҳларни бир жойга жамлади.
21-24 май кунлари Отатурк аэропорти ҳудудида “Дунё шу ерда” шиори остида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида анъанавий равишда намойиш этилган Гулбанк маросими, меҳтар жамоаси ва миллий делегациялар чиқиши байрамга ўзгача тарихий руҳ бағишлади.
Бу йилги фестиваль аввалгиларига қараганда кенг кўламда ўтди. Майдон ҳақиқий этношаҳарчага айланиб, атрофда миллий мусиқалар янгради. Турли халқларнинг анъанавий либослари ва рақслари томошабинларга унутилмас таассурот ҳадя этди.
Осиё, Европа, Африка ва бошқа қитъалар вакиллари ўз маданиятини миллий либослар, халқ ўйинлари, қўшиқ ва рақс, ҳунармандлик намуналари ҳамда миллий таомлари орқали тақдим қилди.
Тадбир давомида кураш, от спорти, камондан отиш, анъанавий халқ ўйинлари, саҳна чиқишлари ва халқ амалий санъати кўринишлари намойиш этилди. Айниқса чавандозлар чиқиши, анъанавий кураш мусобақалари барчада қизиқиш уйғотди. Болалар ва оилалар учун ҳам махсус майдонлар ташкил қилиниб, улар миллий ўйинлар ва маданий дастурларда иштирок этди.
Ташкилотчилар ЎзА мухбирига берган маълумотга кўра, бу йилги Этноспорт маданият фестивалига 1,5 миллионга яқин меҳмон ташриф буюргани тарихий рекорд сифатида баҳоланди. Фестивалда таниқли ошпаз Баҳриддин Чустий жамоаси томонидан ҳар куни 1 тонна 250 кг ўзбек палови дамланди.
Анъанавий услубда улкан қозонларда тайёрланган ош минглаб меҳмонларга тарқатилди. Паловнинг хушбўй ҳиди, миллий куй-қўшиқларимиз ва самимий муҳит ҳақиқий ўзбек меҳмондўстлигини акс эттирди. Сўнгги йилларда ўзбек палови Туркияда тобора машҳур бўлиб бораётгани айнан шу тадбирда яққол сезилди.
Меҳмонлар ўзбек кураши, миллий ҳунармандлик ва халқ амалий санъати намуналаридан иборат маданий чиқишлардан ҳам баҳраманд бўлдилар. Шу тариқа Ўзбекистоннинг бой маданий мероси халқаро миқёсда яна бир бор кенг тарғиб қилинди.
Умуман, фестивалда Ўзбекистон айвони алоҳида эътибор марказида бўлди. Яна бир қувонарли ҳолат: Туркияда таҳсил олаётган талабаларимиз миллий қадриятларимизни муносиб тарзда намоён қилиши кўплаб меҳмонларни ўзбекона безатилган чодирларимиз сари чорлади.
Этнофестиваль нафақат спорт ва маданият байрами, балки халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва маданий алмашинув майдонига айланди. Ёш авлодни миллий қадриятларга яқинлаштириш, унутилиб бораётган анъаналарни қайта тиклаш ва тарихий меросни асраб қолиш каби ғоялар фестивалнинг асосий мақсадлари сифатида намоён бўлди.
Анжуман миллий маданият ва қадриятлар халқларни бирлаштирувчи энг яхши воситалардан бири эканини яна бир бор исботлади.
Хуллас, Ўзбекистон эса бой тарихи, миллий спорт турлари, қадриятлари ва меҳмондўстлиги билан халқаро майдонда дунё эътиборини жалб қилишда давом этмоқда.
Нодира Кайимова, ЎзА
Туркия