“Она замин” спектакли табиатни асрашга бағишланади
Она табиатни асраб-авайлаш учун барчамиз масъулмиз. Бу кўникмани ёш авлодга ўргатиш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида саҳналаштирилган “Она замин” спектакли жамиятимиздаги энг глобал муаммолардан бири — экологик инқироз, табиатни асраш ҳамда бу борада одамлар масъулиятини кучайтиришдек долзарб масалага бағишланган.
Мазкур янги саҳна асарининг премьераси ёш томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Янги асар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда яратилган.
Спектаклнинг бош ғояси инсониятнинг табиатга бўлган шафқатсиз муносабати оқибатларини кўрсатишдан иборат.
Асар ёш авлод қалбида атроф-муҳитни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва дарахтларни қадрлаш, она заминга нисбатан дахлдорлик туйғусини уйғотишга хизмат қилади.
Саҳна асаридаги воқеалар орқали ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётдаги хатти-ҳаракатлари — чиқиндиларни ташлаш, сувни исроф қилиш, яшил ҳудудларни йўқ қилиш каби ҳолатлар глобал иқлим ўзгаришига қандай таъсир кўрсатаётгани ўзига хос бадиий деталлар орқали очиб берилади. Бу эса томошабинда “Табиатни қутқариш ўз қўлимизда” деган хулосани шакллантиради.
Спектакль нафақат мавзуси, балки унинг жамиятга тақдим этилиш шакли билан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, премьерага 37-сонли алоҳида эҳтиёжли болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ҳам таклиф этилди. Бу театрнинг ижтимоий масъулияти ва инклюзив таълим-тарбиядаги ўрнини янада оширади.
— “Она замин” спектакли Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан ҳамкорликдаги театрнинг биринчи ижодий лойиҳаси бўлиб, мазкур саҳна асари долзарб мавзуга бағишланган, — деди Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри адабий бўлим бошлиғи Достонбек Раҳматуллаев. — Асар ёш авлодга табиатни асраш, атроф-муҳитни озода сақлаш, ичимлик сувини тежаш каби муҳим қоидаларни ўргатади. Спектакль асосан шоу тарзида бўлиб, ёрқин декорациялар, образли костюмлар ва қаҳрамонларнинг ноодатий характерларига қурилган. Ўйлайманки, мазкур томоша ёш томошабинларга манзур бўлади.
Дарҳақиқат, режиссёр Зафар Асқаров томошабинга қуруқ маъруза ёки мажбурият шаклида эмас, балки жонли образлар ва таъсирли саҳна кўринишлари орқали экологик тарғиботни етказиб берган. Драмада Розия Раймқулова, Барот Ҳасанов, Наргиза Маткаримова каби таниқли актёрлар рол ижро этган.
Либосларнинг ранг-баранг ва бетакрор бўлишида ижодкор-рассом Евгения Бисерованинг ҳиссаси катта бўлган. Видеографист — Чингиз Умаров.
Дарҳақиқат, ушбу спектакль ёшларнинг экологик маданиятини оширишда алоҳида аҳамият касб этади.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири