Ўзбекистон-Жанубий Корея: геология соҳасида янги инвестиция имкониятлари ўрганилмоқда
Ўзбекистонда тоғ-кон саноати ва геология соҳасини ривожлантириш, стратегик минерал ресурсларни самарали ўзлаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, мазкур тармоққа хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва замонавий молиявий механизмлардан фойдаланиш муҳим ҳисобланади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова ва Корея Экспорт-импорт банкининг (The Export-Import Bank of Korea (KEXIM) Тошкентдаги ваколатхонаси вакиллари ўртасида ўтказилган учрашувда шу масалага эътибор қаратилди.
Унда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати ва геология соҳасига инвестицияларни жалб қилиш имкониятлари ҳамда истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашди.
Мулоқот давомида стратегик аҳамиятга эга минерал хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва уларнинг халқаро таъминот занжирларида барқарорликни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада замонавий технологияларни жорий этиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда молиявий кўмак механизмларини кенгайтириш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Томонлар стратегик минерал хомашёларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасидаги истиқболли йўналишларни белгилаш, инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро таъминот занжирлари барқарорлигини таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш муҳим эканини таъкидлади.
Учрашув якунида келгусида ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва икки томон учун манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзаро манфаатли мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА