“Ўзбекистон эҳтироми” орденлари таъсис этилади
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон эҳтироми” орденларини таъсис этиш тўғрисидаги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Мажлисда сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари доимий комиссиялари аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати натижасида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар алоқалар фаол ривожланмоқда.
Бу жараёнда Ўзбекистон билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини ошириш ва ҳамкорликни кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшаётган хорижий ҳамкорларнинг хизматларини эътироф этиш муҳим ҳисобланади.
Қонун билан хорижий давлат арбоблари, сиёсатчилар, фаол фуқароларни тақдирлашга мўлжалланган икки даражали давлат мукофоти – “Олий даражали Ўзбекистон эҳтироми” ва “Ўзбекистон эҳтироми” орденларини таъсис этиш таклиф этилмоқда.

Ушбу давлат мукофотлари Ўзбекистоннинг халқаро манфаатларини илгари суриш, давлатлараро стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган хорижий давлат ва жамоат арбоблари ҳамда чет эл фуқароларининг хизматларини эътироф этишни назарда тутади.
Н.Абдураимова, ЎзА