“Гашиш” наркотик моддасини сотмоқчи бўлган шахслар ушланди
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Андижон вилоятида тезкор тадбир ўтказилди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Пахтаобод туманида яшовчи, 1988 ва 1995 йилларда туғилган икки нафар фуқаро қўлга олинди.
Аниқланишича, улар 1 килограмм 971 грамм гашиш моддасини шартли харидорга 18 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Қўлга олиш жараёнида гумонланувчилар тезкор ходимларга фаол қаршилик кўрсатиб, воқеа жойидан қочишга уринган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА