Ўзбекистон – Бразилия: сув таъминоти соҳасида илғор тажриба ва янги имкониятлар
Бугунги кунда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сувларни самарали бошқариш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш барқарор тараққиётнинг муҳим омилларидан бири сифатида қаралмоқда. Шу боис мазкур йўналишда илғор хорижий тажрибани ўрганиш, замонавий технологиялар ва самарали бошқарув механизмларини амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқулов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси сув таъминоти ва оқова сувлар соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида бўлиб турибди.
Хорижий ташриф доирасида делегация аъзолари Сан-Паулу штатида сув таъминоти ва оқова сув хизматларини кўрсатувчи йирик компаниялар фаолияти билан танишиб, соҳадаги замонавий ёндашувлар, бошқарув механизмлари ва технологик ечимларни ўрганмоқда.

Жумладан, делегация “SANASA Campinas” компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. Мулоқот давомида ичимлик суви ва оқова сув тизимларини самарали бошқариш, замонавий технологияларни қўллаш, инфратузилмани янгилаш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги Бразилия тажрибаси атрофлича ўрганилди.
Ташрифнинг муҳим йўналишларидан бири оқова сувларни чуқур тозалаш ва тозаланган сувдан саноат ҳамда қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланиш технологиялари билан танишиш бўлди.
Хусусан, делегация аъзолари Бразилиядаги “EPAR” (Estação de Produção de Água de Reuso) иншоотида бўлиб, оқова сувларни замонавий технологиялар асосида тозалаш, белгиланган сифат даражасига етказиш ҳамда ундан турли мақсадларда қайта фойдаланиш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Мазкур иншоотда қўлланилаётган мембранали биореакторлар ва замонавий фильтрлаш технологиялари, шунингдек, тозаланган оқова сувдан техник эҳтиёжлар учун фойдаланиш орқали ичимлик суви ресурсларини тежаш имкониятлари ўрганилди.
Бразилиялик мутахассислар билан оқова сувларни тозалаш иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва бошқариш, тозаланган сувдан самарали фойдаланиш бўйича ҳам тажриба алмашилди.

Ишчи ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Сан-Паулу штатида сув таъминоти ва оқова сув хизматларини кўрсатувчи “Sabesp” компанияси фаолияти билан ҳам танишди.
Учрашувлар давомида компаниянинг хусусийлаштириш жараёни, корпоратив бошқарув тизими, хусусий капитални жалб этиш ҳамда фаолият самарадорлигини ошириш борасидаги тажрибаси ўрганилди.
Айниқса, сув таъминоти ва оқова сув хизматларини кўрсатишда иқтисодий самарадорлик билан бир қаторда, аҳоли учун хизматларнинг ҳамёнбоплигини таъминлаш ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бу жиҳатлар соҳада бозор механизмларидан самарали фойдаланиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва аҳоли манфаатларини таъминлаш ўртасидаги мутаносибликни сақлаш муҳимлигини кўрсатади.
Делегация, шунингдек, “Sabesp” компаниясининг маълумотлар маркази – Data Center фаолияти билан танишди. Марказда сув таъминоти ва оқова сув тизимларини рақамли технологиялар асосида мониторинг қилиш, бошқариш ва таҳлил этиш имконини берувчи замонавий ечимлар намойиш этилди.
Рақамлаштириш соҳадаги жараёнларни реал вақт режимида кузатиш, мавжуд маълумотларни таҳлил қилиш, тизимдаги муаммоларни тезкор аниқлаш ва бошқарув қарорларини самарали қабул қилиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

Музокараларда, шунингдек, давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланиш, соҳани тартибга солиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва институционал бошқарув моделларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар сув хўжалиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, илғор амалиётларни ўрганиш ва уларни маҳаллий шароитда қўллаш имкониятларини муҳокама қилди. Хусусан, сув таъминоти ва оқова сув хизматларида замонавий бошқарув моделларини жорий этиш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш ҳамда инфратузилма объектларини самарали бошқариш борасида ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

Таъкидлаш жоизки, тозаланган оқова сувдан қайта фойдаланиш, рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш, хусусий капитални соҳани ривожлантиришга жалб қилиш каби замонавий ёндашувлар сув ресурсларига бўлган босимни камайтириш, мавжуд захиралардан самарали фойдаланиш ва сув таъминоти барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бундай халқаро мулоқотлар Ўзбекистонда сув таъминоти ва оқова сув хизматларини янада ривожлантириш, бошқарув самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш ҳамда соҳада инвестициявий имкониятларни кенгайтириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Келгусида Ўзбекистон ва Бразилия мутахассислари ўртасидаги профессионал ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш, илғор технология ва бошқарув механизмларини ўрганиш, шунингдек, амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.

Зеро, бугун сув таъминоти соҳасида самарали ечимларни жорий этиш нафақат мавжуд муаммоларни ҳал этиш, балки келажак авлод учун сув ресурсларини асраш, хизматлар сифатини ошириш ва барқарор инфратузилмани шакллантиришнинг муҳим шартидир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА