“Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бошлиғи Ақилбек Бердибеков ва Нукус давлат техника университети Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Зайд Махсетбаев “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов тақдирланганларни қутлаб, кўкрак нишонларини ўз эгаларига топширди. Уларнинг келгуси фаолиятида зафарлар тилади.

Ушбу нишон Ватанимизнинг обрў-эътибори, шон-шуҳратини юксалтиришга ва унинг нуфузини оширишга хизмат қилаётган, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиб, намуна кўрсатаётган ёшлар ва соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш учун давлатимизнинг юксак эътиборидир.

Шунингдек, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Ернияз Қосимов ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали ёшлар етакчиси Баҳром Абипов ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, талабаларнинг сиёсий, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришдаги самарали меҳнатлари учун Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири