Ўзбекистон аёлларнинг иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини кенгайтиришда энг катта ютуқларга эришган бешта давлатдан бири
Осиё хотин-қизлари форумида Ўзбекистонда кейинги ўн йил ичида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган юздан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани қайд этилди.
Ушбу мустаҳкам ҳуқуқий база асосида аёлларнинг сиёсий жараёнлар ва қарор қабул қилиш тизимидаги иштироки сезиларли даражада мустаҳкамланди.
– Ўзбекистон парламентда аёллар улуши бўйича дунёда 35-ўринни эгаллади, - деди Танзила Норбоева. – Давлат бошқаруви ва ижро ҳокимияти органларида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли даражада ошди. Биз аёлларнинг сиёсий жараёнлардаги фаолиятини шунчаки рақамлар учун эмас, балки жамиятда мувозанатли ва адолатли қарорлар қабул қилинишини таъминлаш учун кенгайтирмоқдамиз.
Хотин-қизларнинг таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги имкониятлари кенгаймоқда. Тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган таълим тизимида аёллар учун мисли кўрилмаган имтиёзлар берилмоқда. Бугунги кунда олий таълимда қизлар улуши 53 фоизни, магистратурада эса 65 фоизни ташкил этмоқда.

Олимлар орасида хотин-қизлар улуши 60 фоизга етди. Бу рақамлар ортида минглаб хотин-қизларнинг рўёбга чиққан орзулари, жамиятнинг нурли келажаги мужассам.
Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик ва бандлик соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш устувор вазифалардан бирига айланмоқда.
Кейинги ўн йилда аёл тадбиркорлар сони 3,7 баробарга ошиб, 274 минг нафардан ортди. Иқтисодий фаол аҳолининг қарийб 50 фоизини аёллар ташкил этмоқда.
“Биз хотин-қизларни фақат ижтимоий ҳимоя объекти сифатида эмас, балки янги иқтисодиёт, инновациялар ва сунъий интеллект даврининг тўлақонли иштирокчиси сифатида кўрмоқдамиз. Жаҳон банки баҳосига кўра, Ўзбекистон аёлларнинг иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини кенгайтиришда энг катта ютуқларга эришган бешта давлат қаторига кирди”, деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова, ЎзА